Эрон Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари тармоғи (HRANA) томонидан эълон қилинган ойлик ҳисоботда қайд этилишича, июль ойида мамлакат қамоқхоналарида камида 160 нафар маҳбус қатл этилган. Шулардан уч киши омма олдида осиб ўлдирилган.
Ҳисоботда айтилишича, бир ой давомида судлар томонидан 16 нафар шахсга янги ўлим жазоси тайинланган, Эрон Олий суди эса 4 кишининг ўлим ҳукмини ўз кучида қолдирган.
Маълумотларга кўра, жорий йилнинг бошидан то ҳозирга қадар қатл қилинганлар сони 818 нафарга етган. Шахси тасдиқланган маълумотлар орасида 21 нафар аёл ҳам борлиги алоҳида таъкидланган.
Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари мунтазам равишда Эрон ҳукуматини ўлим жазосидан кенг фойдаланаётгани ва қамоқхоналарда шаффофлик етишмаслиги учун танқид қилиб келмоқда.


