Эронда 28 декабрдан буён давом этаётган оммавий норозилик намойишлари оқибатида ҳалок бўлганлар сони 500 нафардан ошди. Инсон ҳуқуқлари фаоллари маълумотларига кўра, ҳозирга қадар камида 544 киши ҳалок бўлган.
Қайд этилишича, қурбонлар орасида 496 нафар намойишчи ҳамда 48 нафар хавфсизлик ходими бор. Шунингдек, 10 600 дан ортиқ шахс ҳибсга олинган. Фаолларнинг таъкидлашича, мамлакат бўйлаб интернет ва телефон алоқаларининг чекланиши туфайли реал вазиятни мустақил баҳолаш қийинлашган ва қурбонлар сони бундан ҳам ошиши мумкин.
АҚШ расмийларининг Эрондаги воқеаларга муносабати ҳозирча икки йўналишда сақланиб қолмоқда. Вашингтон зўравонликлар давом этса, кескин чоралар кўрилиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда, бироқ бир вақтнинг ўзида Эрон раҳбарияти билан музокаралар олиб бориш имконияти очиқ қолаётганини билдирган.
АҚШ президенти Доналд Трампнинг айтишича, унинг маъмурияти Эронга нисбатан турли вариантларни, жумладан киберҳужумлар ҳамда АҚШ ёки Исроил томонидан тўғридан-тўғри ҳарбий зарбалар бериш эҳтимолини ҳам кўриб чиқмоқда.
“Ҳарбийлар бу масалани кўриб чиқмоқда ва биз жуда жиддий вариантларни таҳлил қиляпмиз. Агар улар жавоб зарбаси берса, биз бунга илгари ҳеч қачон кўрилмаган даражада жавоб берамиз”, — деди Трамп.
Эрон расмийлари мазкур қурбонлар сони бўйича ҳозирча расмий тасдиқ бермаган. Бироқ Эрон парламенти спикери Муҳаммад Бағир Қалибаф мамлакатга ҳужум уюштирилган тақдирда АҚШнинг ҳарбий иншоотлари ва Исроилга зарба берилиши мумкинлигини маълум қилган.


