Фаластиннинг Мисрдаги элчихонаси маълум қилишича, 21 октябр, душанба кунидан бошлаб Рафаҳ чегара пункти қайта очилади. Ушбу қарор натижасида 2024 йил май ойидан бери ёпиқ бўлган йўл орқали Миср ҳудудида яшаб келаётган фаластинликлар ниҳоят ўз юртларига — Ғазо секторига қайтиш имкониятига эга бўлади.
БМТ маълумотларига кўра, Ғазога ҳозирда ҳар куни ўртача 560 тонна озиқ-овқат маҳсулотлари киритилмоқда. Бироқ бу ҳажм аҳолининг эҳтиёжларини тўлиқ қопламайди — уруш ва блокада сабаб озиқ-овқат ҳамда дори-дармон тақчиллиги давом этмоқда.
Рафаҳ пунктининг ёпилишига сабаб бўлган омил — Исроил кучларининг чегара ҳудудининг Ғазо томонини назоратга олиши эди. Эндиликда эса халқаро келишувлар доирасида мазкур йўлакдан фаластинликлар ўз уйларига қайтишлари мумкин бўлади.
БМТнинг сўнгги ҳисоботида қайд этилишича, озиқ-овқат танқислиги оқибатида 400 дан ортиқ тинч аҳоли ҳалок бўлган. Исроил томони бу рақамларни рад этса-да, гуманитар ёрдамни етказишдаги чекловлар ҳали ҳам сақланиб қолмоқда.


