Фарғона вилоятининг Учкўприк туманида одам ўлими билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси юз берди.
Терговга оид иш ҳужжатларида қайд этилишича, 1989 йил Қаниғли қишлоғида туғилган ҳайдовчи ўзига тегишли бўлган Nexia русумли автомашинани бошқариб келаётган вақтида йўлнинг ўнг томонидан чап томонига кесиб ўтаётган пиёдани уриб юборган.
Автоҳалокат оқибатида оғир тан жароҳати олган жабрланувчини ҳайдовчининг ўзи зудлик билан шифохонага олиб борган. Бироқ кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай, у шифохонада вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси иккинчи қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда Учкўприк тумани Ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


