Фарғонада тадбиркорларга ажратилган 1,4 млрд сўмлик субсидия ноқонуний ўзлаштирилгани аниқланди
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ўрганиши натижасида бир нечта ҳудудларда маблағлар мақсадсиз сарфланган ва талон-торож қилинганлиги маълум бўлди.

Фарғона вилоятида тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ажратилган субсидия маблағларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланган. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги маълум қилди.
Ўрганиш Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 22 июлдаги қарори асосида ажратилган субсидия маблағларининг мақсадли сарфланиши юзасидан ўтказилган. Натижага кўра, 2023–2024 йилларда ажратилган жами 9,3 млрд сўмлик субсидия маблағларининг 1,4 млрд сўмдан ортиғи турли схемалар орқали ўзлаштирилган.
Аниқланган бузилишлар:
-
Учкўприк туманида икки корхона 37 нафар касаначига етказилиши керак бўлган 309,4 млн сўмлик ускуналарни бермаган.
-
Риштон туманида бир корхона 42 нафар касаначилар учун ажратилган 277,2 млн сўмни мақсадсиз ишлатган.
-
Боғдод туманида икки корхона 54 нафар касана чи номидан 275 млн сўмни ўзлаштирган.
-
Бешариқ туманида бир корхона 33 нафар фуқарога тегишли 192,4 млн сўмлик ускуналарни топширмаган.
-
Қўқонда бир корхона 17 нафар касаначига мўлжалланган 160,5 млн сўмлик ускуналарни етказмаган.
-
Фарғона тумани, Фарғона шаҳри ва Данғара туманларида жами 255,3 млн сўм талон-торож қилинган.
Шунингдек, 6 нафар фуқарога икки маротаба субсидия ажратилиши натижасида 34,9 млн сўм асоссиз сарфлангани, аввал субсидия олган 47 нафар шахсга қайта 300,1 млн сўм ажратилгани аниқланган.
Агентлик назарида, субсидия ажратилиши устидан назорат қилиши лозим бўлган маҳаллий боълимлар ва масъул ходимлар томонидан жиддий эътиборсизлик ва ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан жиноий иш қўзғатилди ва дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.







