Париж суди Франция собиқ президенти Николя Саркозини 2007 йилги сайлов кампаниясини ноқонуний молиялаштириш ишида айбдор деб топди. Суд ҳукмига кўра, 70 ёшли сиёсатчи 5 йилга озодликдан маҳрум этилди, шундан бир қисми қамоқ жазосини ўташни назарда тутади.
Суд Саркозига қўшимча равишда 100 минг евро миқдорида жарима ҳам тайинлади. Ҳукм суд залида дарҳол ижро этилмаган бўлиб, собиқ президент бир ой ичида қамоқхонага топширилиши лозим. Апелляция жараёни бу эҳтиёт чораси ижросини тўхтата олмайди.
Суд Саркозини фақат битта айблов бўйича айбдор деб топди. У сайлов кампаниясини ноқонуний молиялаштириш, Ливия давлат маблағларини суиистеъмол қилиш ва коррупциявий келишувдаги пассив иштирок айбловларидан оқланди.
Тергов маълумотларига кўра, 2005 йилда ички ишлар вазири лавозимида ишлаган пайтида Саркози Ливия раҳбари Муаммар Қаддафий билан махфий келишувга борган ва унинг ёрдамчилари орқали сайлов кампанияси учун 50 миллион евро маблағ олган. Бу маблағ эвазига у Қаддафийни халқаро майдонда қўллаб-қувватлаши керак эди.
Саркози барча айбловларни рад этиб, ишни сиёсий сабабларга боғламоқда. У апелляция беришини маълум қилган.
Мазкур жараён собиқ президентга нисбатан учинчи суд иши ҳисобланади. Аввалроқ у 2021 йилда коррупция ва таъсир сотиш жиноятларида айбдор деб топилган ва шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.


