Бугун, 25 сентябрь куни Қирғизистон парламенти (Жогорку Кенеш) депутатлари еттинчи чақириқда ўз-ўзини тарқатиб юбориш тўғрисидаги резолюцияни қўллаб-қувватлади.
Қарор бўлажак сайловлар ва сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиришлар муносабати билан қабул қилинди.
Йиғилишда депутат Улан Примов маъруза қилди. Унинг таъкидлашича, ўз-ўзини тарқатиб юбориш сиёсий тизим ва барқарорликни мустаҳкамлайди. Сайлов қонунчилигига киритилаётган ўзгартиришлар ҳам муҳим роль ўйнади.
“Биз ҳатто 4 йил ҳам ишламадик. Яна бироз ишлаб, сайловларни июль-август ойларида ўтказиш мумкин эди. Энди қандай қилиб сайловчилардан сиз учун овоз беришни сўрайсиз? Ахлоқий жавобгарлигингиз ҳақида ўйланг”, деган депутат Надира Нарматова.
Шундан сўнг, спикер бошқа депутатларга сўз бермасдан, масалани овозга қўйган. Мажлисда қатнашган 89 депутатдан 84 нафари резолюцияни қўллаб-қувватлаган, ҳеч ким қарши овоз бермаган.
Овоз бериш якунлари бўйича 84 нафар депутат еттинчи чақириқ ваколатларини тугатиш учун овоз берди. Таклиф аввалроқ Конституциявий қонунчилик қўмитаси ва Жогорку Кенешнинг мувофиқлаштирувчи кенгаши томонидан қўллаб-қувватланган эди.
Парламент сайловлари 2026 йилнинг ноябрь ойида, президентлик сайловлари эса 2027 йил январида ўтказилиши режалаштирилган.


