Ғуломжон ЁҚУБОВ: “Ёлғон гапиришни ёқтирмайман...”
Баҳорнинг илк куни таваллуд топган Ўзбекистон халқ артист Ғуломжон Ёқубовнинг болалиги Тошкент шаҳрининг Кўкча даҳасида ўтган. У оилада уч фарзанднинг ўртанчаси бўлган. Саънаткор тор билан дўстлашгунгача бўлган йиллари ва ижод йўллари ҳақида Ойбек Алиевнинг “Ном” лойиҳасида ҳикоя қилди.
“Уйга йиғлаб келма дейишган...”
Ғуломжон Ёқубов: — Уч ёшимда отам қазо қилган. Мен эс-эс эслайман, елкаларига опичлаб кўтариб юрардилар. Акам саккиз ёшда бўлган, синглим чақалоқ, онамиз оддий ишчи эди. Маҳалламизда биттагина завод бўларди, бош кийим тикиларди, аёлларнинг кўпчилиги ўша ерда ишларди. Шу қаторда бизнинг онамиз ҳам. Уч болани отасиз вояга етказганлар. Рўзғорга бир-икки сўм бўлсин деб, кечаси билан ухламай дўппи тикиб чиққанлари ҳамон кўз олдимда туради.
Оиладаги мувозанатни тутиб турадиган, яна бир азиз инсоним — бувим эди. Жудаям зукко, ақлли аёл бўлганлар. Маҳалладагилар олдларига келиб маслаҳат сўрарди. Ҳар бир гапга мақол қўшиб гапирардилар.
Уч-тўрт яшарлигимда болалар билан уришиб, йиғлаб келганман. Ўшанда айтган гаплари қулоғимга қуйилиб қолган, “Уйга ҳеч қачон йиғлаб келма” деб уришганлар. Шундан кейин маҳалладаги ҳеч кимга тинчлик бермайдиган, шўх болага айланганман. Қиш кунлари конькида учардик. Коньки ҳам қўлбола, ёғочга сим ўтказиб ясалган. Кўчадан бир-бир ўтиб қоладиган машиналарга осилардик. Хуллас, ерга урса, кўкка сапчийдиган бола эдим.
“Шиша йиғардим...”
— Қанчалик шўх бўлмай, оилавий қадриятларга бўйсунардим. Бувим раҳматли доим “Кўчадан бировнинг нарсасига кўз олайтирма” деб уқтирардилар. У пайтлари ҳамма “Пахтакор” стадионига футболга борарди. Биз ҳам. Футбол томоша қилишгамас, шиша идишларни йиғишга ишқибоз эдик. Кейин топшириб, пул олардик. Бир куни кимнингдир саватини олиб, “бутилька”га тўлдирдим. Уйга келсам, остонада бувим турган экан. Елкамдаги йиққан-терганимни кўриб, ҳайрон қолиб сўрадилар. “Сотиб, пул қиламан” дедим мен ҳам ўзимда йўқ хурсанд. “Қаердан олиб келган бўлсанг, ўша ерга бориб ташлаб келгин” дея қаттиқ гапирдилар. Йиғлаб-йиғлаб стадионга олиб бориб ташлаб келганман.
“Қўшнимнинг гапи алам қилган”
— Менинг бир ёомн одатим бор, аламларни унутиб юбора олмайман. Рўпарамизда яшайдиган қўшни бола билан ўртоқ эдим. Дадаси гўшт комбинатда ишларди. Уларнинг уйида колбасалар бўларди. Бир куни ҳовлисига кираётсам, отаси “Анув бола келаяпти, колбасани бекитиб қўй, кетганидан кейин ейсан” деган. Ўша кундан ўртоғим билан алоқам узилган, катта бўлгач тўйига ҳам чиқмаганман. Отасининг гапи жуда алам қилган.
“Ғишт қуйиб, тор олганман”
— Мен шўх бўлиш билан бирга қизиқувчан ҳам эдим. Рассомлик, радиотехникага бош суқиб кўрдим, охири мусиқа кўнглимга ўтирди. 3-синфдан мусиқага мактабига борганман. Ғуломжон ака Қўчқоров деган домлам бўларди. 98 ёшида қазо қилганлар. Шу инсон қўлимга рубоб тутқазган. Торни болалар чалиши мумкинмас эди. Менинг эса қаршиликларга қарши чиқадиган одатим бор эди. Рубобим бор, тор олиш нияти тинчлик бермасди. Дўконда тор 21 сўм турарди, менда эса бир тийин ҳам йўқ. 65-йил, 15 ёшимда илк бор пул топганман. Маҳалладаги бир кишига ғишт қуйиб берганман. 2 ярим мингта ғишт учун 22 сўм берган. 20 кунлар тер тўккиб, ҳеч кимга айтмасдан тор олганман.
“Онамнинг талабига қулоқ тутдим, аммо...”
— 1967 йил мактабни тугатдим. Ўша йиллари “Маҳаллада дув-дув гап” фильми чиққан, ҳамма “инженер бўламан” деган орзуда юрарди. Онамга “Мусиқани давом эттираман десам, бўладиган ишни қил” дедилар. Улар менинг инженерлик соҳасидан кетишимни истардилар. Физика-математикадан зўрмасман, баҳомни бир амаллаб олардим... Таввакал қилдим. Биринчи химия факутльтетига ҳужжат топширдим. Кейин маҳалламизда политехникада дарс берадиган домла бор эди, шунинг тавсияси билан қурулиш факультетига ҳужжатларимни олдим. Биринчи математика фанидан ёзма имтиҳон бўлди. Қарасам, орқамда ўтирган бола шатирлатиб ишлаб ётибди. Имтиҳон охирлаб қолганида ўша боладан кўчириб, “уч” олганман. Унинг ўзи “беш” баҳо олган.
Оғзаки имтиҳондан эса табиийки ўтолмадим. Қанча илтимос қилмай, домла баҳо қўйиб бермади. Аччиқ устида тўғри Ўзбек давлат филармониясига келдим. Ансамблга танлов бўлаётган экан. Мен ҳам қатнашдим. Ашула айтдим. Яхши баҳолашди. Аммо ёшлик қилиб қайтиб бормадим. Бир кун уйга излаб келишибди. Қозоғистонга ижодий сафарга кетишаётган экан, онам “Сени деб келишибди” дея менга боришимни айтдилар. Шу билан ҳаётим бошланди.
“Ҳамманинг ўз йўли бўлиши керак”
— Ғуломжон Қўчқоров сабаб бўлиб буюк санъаткор Фахриддин Умаров билан танишиш бахтига муяссар бўлдим. У пайтлари пул йўқ, концертларгиа киролмасдим. Фақат хиёбонларда, очиқ жойларда бўладиган концертларини дарахт устига чиқиб кўрардим. Кун келиб эса домлам “Шу йигитнинг сизнинг қўшиқларингизни куйлаб юради” дея мени ўзлари билан таништирдилар.
Филармонияда нафақат маҳоратим ошди, ўз ижро йўлимни топдим. Муҳаммаджон Мирзаев деган инсоннинг бир гапи доим ёдимда туради. “Саҳрода туя кетаяпти, орқасидан бўталоқ эргашаяпти. Бўталоқ қадамини туянинг излари устига ташламайди, ёнига қадам босади. Сен ҳам ўз йўлингни топишинг керак” дердилар. Ҳақ гап айтганлар. Аммо ўз йўлингизни топгунингизча ҳар кўйга бир тушиб кўраркансиз. Мусиқа билим юртида ўқиётган бўлсам-да, расомлик билим юртига ҳам ҳам ҳужжат топширдим. Биринчи имтиҳондаёқ беш олганман. Кейин мусиқа билим юртидан кетдим. Беш йил рассомлик йўналишида ўқидим. Жудаям яхши ўқиганман. Талабалик стипендиясининг ҳам энг юқорисини олганман. Билим юртини тугатгач, Жиззах театрига ишга кетдим. 1974 йилгача ўша ерда ишладим. Жиззахдан қайтгач, яна филармонияда фаолиятни давом эттирдим. 77-йилларга келиб ўз ижро йўлим билан эл назарига тушдим. Айниқса, Ўзбекистон халқ артист Абдуҳошим Исмоилов ёзган қўшиқлар менга омад келтирди.
1986 йил Москвада “Олтин диск” мукофотини қўлга киритганман. Алла Пугачёва билан бирга олгандик. Бу мукофотни қўлга киритиш шарти қўшиқларингиз ёзилган диск миллион тиражда чиқиши керак эди. “Мажнунтол” деган ашулам миллиондан ошиқ тиражда сотилган.
“Оилам ҳақида гапиришни истамайман...”
— Худонинг буюргани, бир кунда икки ўғлимиздан ажралиб қолганмиз. Бири 23, бир 15 ёш эди. Қисмат бу, пешанага ёзилгани бўларкан...
Фарзанд доғи жуда оғир, инсонни букиб қўяди. Оғриқни босиш учун йиллар керак бўлди. Саънат мени жарликдан олиб чиқиб кетди. “Саҳнадан тушшмаслигим керак” деган фикрга келганман ўша йиллари.
“Ёшларни эшитишни яхши кўраман”
— Мен ёлғон гапиришни ёқтирмайман. Алдовни ҳам дарров сезаман. Ўзим чунки ёлғон ишлатмайман. Доим ваъдамнинг устидан чиқишга ҳаракат қиламан. Бировни кутмайман, ўзим ҳам куттирмайман. Ваъдамни ҳеч қачон бузмайман. Ҳаттоки шунақа ҳолатлар бўлганки, Сурхондарёга тўйга боришим керак. Самолёт учмай қолган. Хабарини етказганмиз. Аммо виждоним қийналиб, рулга ўтириб, саккиз-тўққиз соат ичида Деновга етиб борганман.
Яна мен ёшларни эшитишни яхши кўраман. Жамоамда ҳам аксарият ёшлар. Ёшлар сиз билан гаплашганда энсаси қотмаслиги керак. Уларни тинглашни билиш керак. Бир хиллар “Ёш бола-ку бу” дейишади. Йўқ, шу ёш бола эртага катта одам бўлади, ишониш, қўллаш керак.
Шоира ШАГИАҲМЕДОВА


