Йирик фирибгарлик бюроси Ўзбекистон биринчи президентининг қизи Гулнора Каримованинг Буюк Британиядаги учта ҳашаматли мулкини мусодара қилди. Булар ичига Коррупцияга қарши кураш агентлиги маълумотларига кўра, Белгравиядаги иккита квартира ва Суррейдаги қаср киради.
Фирибгарликка қарши кураш бюроси 2018 йил октябрь ойида Каримованинг Британиядаги активларини мусодара қилиш бўйича судга мурожаат қилган. 8 август куни Буюк Британия Олий суди бу даъвони қаноатлантирди. Ҳибсга олинган мулкнинг қиймати 20 миллион фунт стерлингдан (25,4 миллион доллар) ортиқроққа баҳоланган.
“Биз ушбу объектларни назорат қилиш учун бир нечта оффшор ҳисоб ва компаниялар билан боғланган мураккаб молиявий схемани фош қилдик. Бу қарор Буюк Британиядан нопок йўл билан топилган пулларни йўқ қилиш йўлидаги навбатдаги қадамдир”, — деди фирибгарликка қарши курашиш бюроси директори Лиза Ософский.
Агентлик маълумотларига кўра, Каримова 2004–2012 йилларда Ўзбекистон бозорига кириш эвазига телекоммуникация компанияларидан юзлаб миллион доллар пора олган. 2020 йил март ойида Тошкент шаҳар суди Гулнора Каримовани жиноий гуруҳ тузиш, фирибгарлик ва давлат маблағларини ўзлаштиришда айблаб, 13 йилу 4 ойга озодликдан маҳрум қилган эди. Ҳозир Ўзбекистон собиқ президентининг қизи колонияда жазони ўтамоқда.
Гулнора Каримова билан боғлиқ Швейцария, Франция, АҚШ ва бошқа мамлакатлардаги активларининг умумий миқдори қарийб 1,4 миллиард долларга баҳоланмоқда.


