Ўзбекистон Ички ишлар вазирининг лавозимидан бир кунда озод этилган икки собиқ ўринбосари — Бекмурод Абдуллаев ва Рустам Турсунов эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олингани айтилмоқда. Бу ҳақда тергов жараёнидан хабардор, бир-биридан мустақил бир нечта манба хабар берди.
Маълумотларга кўра, собиқ юқори лавозимли амалдорларга нисбатан тергов ишлари “ақлли светофорлар” лойиҳаси билан боғлиқ жиноят иши доирасида олиб борилмоқда. Улар давлат мулкини йирик миқдорда талон-торож қилишда гумонланмоқда.
Манбалар таъкидлашича, мазкур иш доирасида бир нечта шахслар текширувдан ўтказилмоқда, бироқ ҳозирча тергов тафсилотлари ошкор этилмаяпти. Қамоққа олиш эҳтиёт чораси сифатида қўллангани қайд этилмоқда.
Айни пайтгача расмий идоралар ушбу хабарга нисбатан расмий муносабат билдирмаган. Масала бўйича қўшимча маълумотлар тергов давомида эълон қилиниши кутилмоқда.


