АҚШ президенти Дональд Трамп томонидан тузилган Ҳукумат самарадорлиги департаменти — DOGE, ўз фаолиятини якунлашига саккиз ой қолган бўлса-да, бекор қилинди. Дастлаб бюрократияни қисқартириш ва давлат харажатларини камайтириш мақсади билан катта шов-шув билан иш бошлаган лойиҳа кутилган натижани бермагани айтилади.
OPM раҳбари Скотт Купернинг айтишича, DOGE энди “марказлашган тузилма сифатида мавжуд эмас” ва унинг вазифаларининг кўпи ходимлар бошқармаси зиммасига ўтган. Илгари DOGE таркибида ишлаган бир нечта мутахассислар эса энди Жо Геббия бошчилигидаги Миллий дизайн студиясида ҳукумат сайтларини яхшилаш устида ишлаяпти.
DOGE миллиардлаб маблағларни тежаб қолишини ваъда қилган бўлса-да, мустақил экспертлар бу рақамларни тасдиқлашнинг имкони бўлмаганини айтишган. Трампнинг ўзи ҳам, Илон Маск каби ҳамкорлар ҳам бу ташаббусга фаол реклама берган эди. Маск ҳатто бир конференцияда “бюрократияни кесиш” рамзи сифатида занжирсимон арра кўтариб чиқиши билан эсда қолган.
Шу билан бирга, DOGE жамоасининг кўп аъзолари бошқа давлат идораларига ўтиб кетган. Ҳукуматдаги ишга қабул қилиш бўйича чекловлар ҳам тугатилган. Шунга қарамай, айрим республикачилар бошқарувидаги штатларда DOGEга ўхшаш локал тузилмалар ҳали ҳам яратилмоқда.


