Ўзбекистонда болаларни даволаш учун хайрия йиғиш ниқоби остида интернет орқали фирибгарлик қилган шахс фош этилди. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида ноқонуний фаолият билан шуғулланган шахс қўлга олинди.
Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармаси матбуот хизматининг маълум қилишича, ҳолат болалардан бирининг отаси ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилганидан сўнг аниқланган. У интернет тармоқларида фарзандининг фотосуратлари ва даволаниши учун хайрия пули йиғилаётгани ҳақида хабар тарқалаётганини билдирган ҳамда маълумотларнинг ноқонуний тарқалишига чек қўйишни сўраган.
Текширув давомида ушбу фирибгарликни 26 ёшли Тошкент вилоятида яшовчи фуқаро содир этгани аниқланган. У аввал касал бўлган, аммо ҳозирда соғайиб кетган болаларнинг асл фотосуратларидан фойдаланган ҳолда, ўзини уларнинг ота-онаси сифатида таништириб, ижтимоий тармоқларда хайрия йиғиш эълонларини жойлаштирган. Йиғилган маблағлар шахсий банк карталарига келиб тушган ва шахсий эҳтиёжлари учун сарфланган.
Мазкур ҳолат юзасидан гумонланувчига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми — ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда фирибгарлик содир этиш аломатлари билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Қонунчиликка мувофиқ, мазкур жиноят учун 300 дан 400 баравар базавий ҳисоблаш миқдори (123 миллион сўмдан 164 миллион сўмгача) жарима, икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.


