Жамият

Журналистни ким ҳимоя қилади?

Сарлавҳа ўқувчини ҳайратлантирган бўлса, ажабланмаймиз. Чунки журналист деганда  ўзгалар ҳимоясига отланган, қалами ўткир,  жамиятдаги адолатсизлик, ҳақсизликка қарши курашувчи олов қалбли касб эгалари дарҳол кўз ўнгимизда гавдаланади. Муаммоларига ечим топа олмай идорама- идора юрган одамлар охирги умидни журналистларда кўришади ва бу соҳа вакилларига мурожаат қилишади.  Журналистларнинг аралашуви туфайли муаммоларга ечим топилаётгани ҳам сир эмас.

Журналистни ким ҳимоя қилади?

Аммо  журналистнинг ўзи ҳимояга муҳтож бўлсачи? Бу саволни бежизга бермадик. Чунки кейинги пайтларда журналистларга босим ўтказилаётгани, уларнинг фаолиятига тўсқинлик қилинаётгани, ҳатто қинғир йўллар билан журналистларнинг шахсий ҳаётига дахл қилинаётгани ҳам бор гап.

Фикрларимизни далиллар билан исботласак.

! Коронавирус пандемияси бошланиб, юртимизда карантин жорий этилган бир пайтда фарғоналик журналист Шарифа Мадраҳимова (Шарифа Мурод ) Фейсбукдаги саҳифасида бозор ҳудудида ўз телефонида тасвирга олаётган пайтида   туман ҳокимлиги вакили унинг телефонини  қўлидан тортиб олиб қўяди. Журналист бу ҳақда  тушунтириш беришини талаб қилганида,  унга нисбатан қўполлик қилинади. Журналистнинг телефонидаги аудиоёзувлар ўчириб ташланади.

! Ушбу воқеадан сўнг ҳеч қанча вақт ўтмай «Human.uz» сайти раҳбари Хуршид Далиев худди шундай босимга дуч келди.

Айтилишича, жорий йилнинг 27 апрель куни Хуршид Далиев тадбиркорнинг интенсив боғи атрофига ўрнатилган тўсиқ суд қарорисиз, мутасаддилар буйруғи билан бузилаётгани ҳақидаги мурожаатни ўрганиш учун Тошкент туманига борган. У ўша ерда ички ишлар органлари ходимлари томонидан босим, фаолиятига таъсир ўтказиш учун сунъий тўсиқ қўйиш каби ҳолатларга дуч келади.

!  Ўткир, долзарб мавзуларни кўтариб чиққани билан танилган журналист Анора Содиқова иш жойи – Ўзбекистон миллий ахборот агентлигидан ишдан кетишга мажбур қилингани ҳақида ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида ёзиб қолдирди. Кейинчалик у яна ишга қайта тикланди.

!  13 май куни  EFFECT.UZ сайти ходими Ғиёсбек Эшов Фарғона вилоятининг Қува туманида жиддий ҳужумга учраган. Ҳолат Қува тумани ҳокимлигида фуқаронинг мурожаати ўрганилгандан сўнг содир бўлган. Номаълум кимсалар операторнинг кўзларига газ сепиб, машинасининг ойналарини синдиришган. Устига-устак, улар таҳририят мулки бўлган операторнинг видеокамерасини олиб қочиб кетишган.

!  Фарғона вилояти телевидениеси журналисти Усмонжон Қодиров 28 май куни 15 суткага қамалди, кейин унинг жазо муддати икки суткага ўзгартирилди. Ҳамкасбининг фикрича, унинг айби тиббиёт бирлашмаси ҳамширалари “Ёдгорлик” мажмуасини тозалаётгани ва бу ҳолни мажбурий меҳнат деб   ёзгани бўлган.

!  Журналист Мавжуда Мирзаева ва унинг тасвирчиси Сардоба воқеаларини ёритиш учун тасвирга олаётган пайтда ҳуқуқ - тартибот органи ходимлари уларнинг фаолиятига тўсқинлик қилади ва тасвирчининг видеокамерасини тортиб олади. Бу ҳам етмагандек, камерадаги  тасвирлар ўчириб ташланади.

! “Кун.уз” сайти мухбири Алишер Рўзиохунов автомобилда ҳаракатланаётган пайтида ЙҲХ ходимлари уни тўхтатиб, “дубинка” билан калтаклайди. Кейинроқ  журналист эканлиги аниқлангач, у қўйиб юборилади. (Қизиқ, агар журналист бўлмаганида ҳам шундай йўл тутилармиди?)

Афсуски, ОАВ ходимларига тазйиқ ва босим ўтказилган бу каби мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Кези келганда ўзгалар  манфаатини ҳимоя қиладиган журналистларни ким ёки қайси ташкилот ҳимоя қилиши керак?

Бир қарашда бу савол бироз кулгили туйилиши мумкин. Аммо чуқурроқ ўйлаб кўрсак, фикрларимизда жон бор.

АОКАми ЁКИ ЖУРНАЛИСТЛАР УЮШМАСИ?

ОАВ ходимлари фаолияти тегишли қонунлар билан белгилаб қўйилган. “Журналистик фаолиятни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 8- моддасида “Журналист журналистик фаолиятини амалга ошириш чоғида шахс дахлсизлиги кафолатидан фойдаланади.

Танқидий материаллар эълон қилгани учун журналистни таъқиб қилишга йўл қўйилмайди” деб белгилаб қўйилган. Аммо юқорида келтирилган мисоллар бунинг аксини кўрсатяпти.

Афсусланарлиси, бу вазиятда журналистлар фаолият кўрсатаётган ҳеч бир ОАВ уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиб чиқмаган. Бошқача айтганда, “ҳар ким бошига тушган қорни ўзи курасин” қабилида иш тутилган.

Ваҳоланки, ОАВ ишини мувофиқлаштирадиган АОКА ва Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси борлигини  журналистлар яхши билишади. Аммо бу ташкилотлар томонидан босимга учраган журналистлар ҳимояси учун ҳеч қандай чора кўрилмаган.

Вилоятларда Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмасининг бўлимлари мавжуд. Тўғрисини айтганда, баъзи бўлимлар номигагина фаолият юритади. Матбуот ва ОАВ  ходимлари кунида  таклиф этилган бир нечта журналистга совға ва байрам дастурхони ёзилишини айтмаганда, улар журналистлар ҳимояси учун деярли бирор иш қилишмайди. Ваҳоланки, бу  уюшма журналистлар ишонадиган, керак пайтда суяна оладиган ташкилот бўлиши лозим. Аммо шу пайтгача Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмасининг бирор журналист ёки ОАВ ходимларини ҳимоя қилганини, уларнинг  ҳақ-ҳуқуқлари учун жон куйдирганини эслолмаймиз.

Журналист босим ёки тазйиққа учрар экан, тегишли ташкилотлар уни ҳимоя қилиши, керак бўлса, уларга тазйиқ ўтказаётганларни судга топширишлари лозим. Ана шунда журналистнинг жамиятдаги қадри яна бир қадар кўтарилади, у ўзининг фикрларини дадил баён эта олади. Хўш, бу вазифани ким ёки қайси ташкилот бажариши керак- АОКАми ёки Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмасими? Ёки яна бир ташкилотга муҳтожмизми?

ҚОРНИ ТЎҚНИНГ...

Истаймизми-йўқми, инсонларда моддий манфаатдорлик биринчи ўринда туради. Моддий манфаатдорлик юқори бўлган жойда иш самарадорлиги ҳам юқори бўлади, қолаверса, ходим оиласини қийинчиликсиз таъминлай олади. Бу унсурлар бир-бири билан шу қадар боғликки, моддият ишга, оилага, кишининг руҳиятига таъсир қилиши  сир эмас.

Бу борада  хусусий ОАВларда фаолият кўрсатадиган журналистларнинг омади чопган, дейишимиз мумкин. Хусусий нашрлар, ТВларда ходимларга берилаётган маош юқори ва ходим ҳам шунга яраша меҳнат қилади. Бу эса ривожланишга, янги-янги лойиҳалар яратишга туртки бўлади.

Аммо афсуски, давлат  телеканаллари, туман ва вилоят миқёсида чиқадиган вақтли босма матбуот нашрлари, тармоқ газета-журналларида ходимларга  берилаётган маош кам эканлиги сир эмас. Бу ОАВларда ҳатто қалам ҳақи ҳам паст.

Хусусан, мақолани тайёрлаш жараёнида  баъзи ҳамкасбларимизга қанча маош оласиз ва олаётган маошингиз бир ойлик эҳтиёжларингизни қоплайдими, деган савол билан мурожаат қилдик. Исми сир тутилишини истаган Я. С. тармоқ журналида фаолият юритиши, маоши ва қалам ҳақини қўшиб ҳисоблаганда, 1 млн 900 минг сўм олишини айтди. Яна бир ҳамкасбимиз О. Ж. маоши ва қалам ҳақи жами 1млн 500 минг сўм эканини айтди.

Аксарият ҳамкасбларимиз ана шунча маош учун эртаю кеч тиним билмай меҳнат қилишади. Энди ўзингиз ўйлаб кўринг – бу маблағ бир кишининг ўзига, ўртача тўрт кишидан иборат оиласини моддий таъминлашга етадими? Ишга бориб-келиш ва тушлик учун сарфланадиган харажатларни айирсак, қанча маблағ қолади? Бу оддий арифметика ва бундан кўз юма олмаймиз.

Баъзида ОАВ ходимлари турли важлар кўрсатиб таъмагирлик қилгани ҳақидаги хабарларга кўзимиз тушади. Моддий қийинчилик бўлар экан, бу омил ўз-ўзидан таъмагирликка йўл очади. Қачонки ОАВ ходимларининг маоши юқори бўлсагина у дадил сўз айта олади,камчиликларни рўй-рост кўрсатади, жамиятда сўз эркинлиги таъминланишига ҳаракат қилади.

Президентимиз ўқитувчи ва шифокорлар минг доллар миқдорида маош олиши кераклигини айтганларида, бу соҳа вакиллари меҳнатлари қадрланаётганидан бошлари кўкка етган,  ўз ишларига янада иштиёқ билан ёндаша бошлаган эдилар. ОАВ ходимларининг меҳнати ҳам уларникидан кам эмас. Ҳақиқий маънода тўртинчи ҳокимият мақомига эришиш учун ОАВ ходимларининг маоши кўтарилиши лозим. Журналист ҳеч кимга моддий қарам бўлмаслиги керак.

ҚАЧОН БИРЛАШАМИЗ?

Хориж ОАВларида журналистлар бирдамлиги деган атама тез-тез ишлатилади.  Ҳатто журналистлар мустақил касаба уюшмалари ҳам тузилган. Бу касаба уюшмалари нафақат журналистларнинг меҳнат шароитлари,балки сўз эркинлиги учун ҳам курашади. Цензура оқибатлари – паст маош, ярим кечагача, дам олиш кунларисиз давом этадиган бетартиб иш куни ҳам журналистларнинг мустақил касаба уюшмаси назаридан четда қолмайди. Журналистлар мустақил касаба уюшмаси ҳамкасбларини ҳимоя қилади ва журналистларга бўлган тазйиқларга қарши курашади.

Хўш, биз ҳам шундай уюшмага ёки муҳтожмизми? Қайси ОАВда фаолият юритишидан қатъий назар, босим ва тазйиққа учраётган журналистларни биргалашиб ҳимоя қила оламизми?

Фикримизча, ҳали бизда журналистлар тарқоқ. Аммо энди бирлашиш ва ўз ҳуқуқларимизни биргаликда ҳимоя қилиш вақти келди. Журналист жамиятнинг виждони бўлмоғи учун у ҳимояланган бўлиши керак.

                                                                                               Дилфуза Зарипова

custom img

Фарғонада вояга етмаган ака-ука сувда чўкиб, вафот этди

Укасининг сувга тушиб кетганини кўрган ака уни қутқармоқчи бўлган.

custom img

Навоийда эридан қочган аёл ўлдирилгани ҳақидаги хабарлар рад этилди

Ёлғон маълумот тарқалишига сабабчи бўлган блогер 20,6 млн сўм жаримага тортилди.

custom img

Тошкентда фуқаро Tracker да бир гуруҳ кишиларни қассдан уриб юборди

Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ расмий ахборот берди.

custom img

Ўзбекистонликлар январь ойида яшаш ва овқатланиш учун 13,8 трлн сўм сарфлади

Ушбу кўрсаткич 2025 йилнинг мос даври билан солиштирилганда 27,1 фоизга ўсган.

custom img

Измирда тўртинчи қаватдан тушиб кетган ўзбекистонлик аёл шифохонада вафот этди

Mарҳуманинг жасади 23 март куни Истанбул–Андижон рейси билан Ўзбекистонга олиб келинмоқда.

custom img

“Ташаббусли бюджет”нинг 2026 йил 1-мавсуми ғолиблари эълон қилинди

Жараён давомида фуқаролардан 21 049 та ташаббус келиб тушган бўлиб, шундан 17 424 таси саралаш босқичидан ўтган.

custom img

Метрода поездлар ҳаракати оралиғи қисқаради

Янги тартиб 4 сентябрдан амал қилади.

custom img

Янги ўқув йилидан автобуслар сони ва қатнови кўпайтирилади

Сентябрь ойидан ишга чиқарилаётган автобусларнинг қарийб 100 тага кўпайиши айтилмоқда.

Шаҳодатнома: №1346 Берилган сана: 28.05.2020

Ғоя муаллифи: Фирдавс Фридунович Абдухаликов

Асосчиси: "Master Media Production and Broadcast"