Камбоджада каламуш миналарни топиш бўйича жаҳон рекордини янгилади
Қидирув каламуши 109 та минани аниқлаган.

Камбоджада хизмат қилаётган беш ёшли африкалик каламуш Ронин портловчи моддаларни аниқлашда тарихий муваффақиятга эришди. У 2021 йил августидан буён 109 та мина ва 15 та бошқа турдаги портловчи қурилмаларни топиб, Гиннес рекордлар китобига киритилди.
Ронин – Бельгиянинг Апопо номли нодавлат ташкилотида тайёрланган қидирув каламушларидан бири. Бу каламушлар махсус тренинг орқали портловчи моддаларни ҳид орқали аниқлашга ўргатилади. Топилган жойни кемирувчи тирнаш орқали белгилайди. Улар жуда енгил бўлгани сабабли, ҳатто фаол мина устига чиққанда ҳам портламайди — бу уларни қидирув итларига нисбатан хавфсизроқ қилади.
Ронин кунига атиги ярим соат ишлайди. Ташкилот вакиллари унинг ғайратли меҳнати ва эътибор қобилиятини юқори баҳоламоқда. Апопўнинг билдиришича, ҳозирда дунё бўйлаб 300 га яқин шундай каламуш фаолият юритмоқда.
Камбоджа ҳали-ҳануз миллионлаб ер ости миналари сақланаётган энг хавфли ҳудудлардан бири бўлиб қолмоқда. Аксарият портловчи воситалар “Қизил Кхмерлар” ҳукмронлиги даврида, 1970 йиллар охири ва 1980 йилларда ер остига жойлаштирилган.







