1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Ўзбекистон

Кредит рекламалари тартибга олинади: “тез пул” шиорларига чек қўйилади

Ўзбекистонда “Реклама тўғрисида”ги қонунга агрессив кредит рекламаларини чекловчи ўзгартириш киритиш таклиф этилди.

Кредит рекламалари тартибга олинади: “тез пул” шиорларига чек қўйилади

Ўзбекистонда микромолия ва истеъмол кредитлари бозорининг тез суръатларда кенгайиб бораётгани фонида, давлат идоралари аҳолининг ортиб бораётган қарздорлиги борасида хавотир билдирмоқда. Рақобат қўмитаси ва Марказий банк томонидан “Реклама тўғрисида”ги қонунда ўзгартиришлар киритиш бўйича таклиф тайёрланди.

 

Мазкур ташаббус кредит ва микромолия ташкилотларининг реклама фаолиятини тартибга солишни, шунингдек, аҳолига кредит мажбуриятларининг реал хавфлари ҳақида очиқ огоҳлантириш берилишини назарда тутади.

 

Таклифга мувофиқ, кредит хизматлари рекламасида камида 10 фоиз жой ёки вақт фуқароларни эҳтиётсиз қарз олиш оқибатлари тўғрисида хабардор этувчи маълумотга ажратилиши лозим. Бу норма Германия, Буюк Британия, Жанубий Корея ва Япония каби мамлакатлар тажрибасига асосланмоқда.

 

Мутасаддилар қайд этишича, айрим рекламаларда “тез пул”, “ҳужжатсиз кредит” каби шиорлар орқали аҳолининг молиявий қарорларига босим ўтказилмоқда. Натижада, аҳолининг бир қисми юқори фоизли ва мураккаб шартли кредит битимларини тушунмасдан имзоламоқда.

 

“Таклиф этилаётган чора-тадбирлар фуқароларда молиявий саводхонликни ошириш ва қарзга нисбатан масъулиятли ёндашувни шакллантиришга хизмат қилади”, — дейилади Рақобат қўмитаси изоҳида.

 

Мутаҳассислар кредит олишдан аввал ўз даромад ва харажатларини синчиклаб таҳлил қилиш, шартномани тўлиқ ўрганиш ва турли молиявий ташкилотларнинг таклифларини солиштириш зарурлигини эслатмоқда.

 

Янги ташаббус фуқароларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга, молиявий хизматлар бозорида шаффофлик ва ишончни кучайтиришга қаратилган бўлиб, мамлакатда “тез пул — узоқ муаммо” даврига барҳам бериш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика