Ўзбекистонда метан ёқилғи қуйиш шохобчаларига чеклов жорий этилгани ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Бу ҳақда “Ҳудудгазтаъминот” АЖ матбуот хизмати расмий баёнот берди.
Компания маълум қилишича, ижтимоий тармоқларда тарқалган “метан заправкалар фаолияти чекланмоқда” деган маълумотлар асоссиз. Айни пайтда газ таъминоти тизими барқарор ишламоқда, барча ёқилғи қуйиш шохобчалари одатдаги режимда аҳолига хизмат кўрсатмоқда.
Таъкидланишича, куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида айрим газ тақсимлаш станцияларида режалаштирилган профилактика ва таъмирлаш ишлари олиб борилган. Шу сабабли айрим ҳудудларда босимнинг қисқа муддатга пасайиши кузатилган бўлиши мумкин.
“Вақтинчалик ноқулайликлар учун истеъмолчилардан узр сўраймиз. Бугунги кунда мамлакат бўйлаб барча метан ёқилғи қуйиш шохобчалари нормал ҳолатда ишламоқда”, — дейилади компания баёнотида.


