Президент қарори билан Тошкент шаҳрида транспорт тизимини бошқаришни такомиллаштириш ва тирбандликларнинг олдини олишга қаратилган қўшимча чоралар белгиланди. Ҳужжатда пойтахт транспорт инфратузилмасини 2030 йилгача модернизация қилиш бўйича мақсадли кўрсаткичлар тасдиқланди.
Мазкур режага кўра:
- жамоат транспортидан фойдаланиш даражаси 60 фоизга етказилади;
- автобуслар ҳаракат тезлиги ўртача 18 км/соатдан 24 км/соатгача оширилади;
- автомобиллар учун 150 минг ўринли тўхташ жойлари ташкил этилади;
- метро тармоқлари узунлиги 103 километрга етказилади.
Шаҳар транспорти ва йўл инфратузилмасини бошқаришга масъул Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази барпо этилади. У транспорт, йўловчи ва пиёдалар оқимларини замонавий рақамли ҳамда «яшил» технологиялар ёрдамида мониторинг қилиб, шаҳар транспорт мастер-режасини ишлаб чиқади.
Шунингдек, ҳудудлардан кириб келадиган асосий автомобиль йўлларидаги жамоат транспорти бош бекатлари (автобус ва метро) кесишмаларида транспорт воситаларининг кўп қаватли тўхтаб туриш жойларини ташкил қилиш ва Тошкент шаҳри ерусти метро линиялари ҳамда йўл ўтказгичлари остида, хавфсизлик талабларига риоя қилган ҳолда, транспорт воситаларининг тўхтаб туриш жойларини ташкил қилиш каби вазифалар белгиланди.


