Тошкент шаҳрида яширин ва кузатилмайдиган иқтисодиёт ҳажми 60 триллион сўмга етгани қайд этилди. Бу ҳолат натижасида давлат буджети йилига қарийб 7,5 триллион сўм даромаддан маҳрум бўлмоқда.
Маълум қилинишича, айрим акциз солиғи тўловчилар ишлаб чиқариш ва реализация ҳажмини яширгани оқибатида 66 миллиард сўм солиқ тўланмаган. Шу билан бирга, яширин иқтисодиётга қарши курашиш ва солиқ маъмурчилиги бўйича пойтахт солиқ органларининг фаолияти мутлақо қониқарсиз экани танқид қилинди.
Хусусан, қўшимча қиймат солиғи (ҚҚС) тўловчиларнинг қарийб 30 минг нафари бирор сўм ҚҚС тўламаган. Савдо, сервис ва умумий овқатланиш соҳаларида ўрнатилган назорат-касса техникаларининг қарийб 25 фоизи амалда ишлатилмаётгани аниқланган.
Шунингдек, айрим солиқ идоралари раҳбарларининг буджет тушумларини ошириш ўрнига ноқонуний фаолият юритаётган «тадбиркор»ларга ҳомийлик қилаётгани қайд этилди. Ўтказилган текширувлар давомида 70 миллиард сўмлик солиқ ҳисобланмай қолгани маълум бўлди.
Сўнгги икки йил ичида Тошкент шаҳар солиқ идораларининг 19 нафар ходими коррупция билан боғлиқ жиноятлар учун жиноий жавобгарликка тортилиб, давлат буджетига жами 27 миллиард сўм зарар етказилгани аниқланди.
Хусусан, ўтган ҳафта Мирзо Улуғбек тумани солиқ инспекцияси бошлиғи Д.Усманов эгаллаб турган лавозимидан озод этилиб, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Аниқланишича, у инспекция биносининг бир қисмини шахсий мақсадларда ижарага бериб, 315 миллион сўм маблағни ўзлаштирган, шунингдек хизмат фаолиятида гуруҳбозлик ва маишатбозликка йўл қўйган.


