Москвада 18 ёшли қиз бобосини пичоқлади
Гумонланувчи Эмина Ёқубова сўзларига кўра, бобоси ўша куни унга ҳужум қилган. Қиз эса ўзини ҳимоя қилган.

Қиз дарҳол ҳибсга олинган. Унга нисбатан «қотиллик» моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилди. Бу хақда "Мослента" хабар берди.
Суриштирув жараёнида қиз москва давлат университети талабаси бўлгани, ота-онаси эрта ажрашиб кетгани сабабли бобосининг қўлида тарбия топгани аниқланган. Қиз бобосини яхши кўришини, лекин унинг қаттиққўллигига бардош беролмаганини тан олган.
Шунингдек, суриштирув давомида қиз гиёҳванд моддалар истеъмол қилиши ҳам маълум бўлган. Эмина яшаган квартирада тинтув ўтказилганда хонасидан қизнинг ўз жонига қасд қилиш нияти борлиги ҳақида ёзилган кундалик топилган. Унда қиз ҳамма нарса жонига теккани ва яшаш истаги йўқлигини билдирган.
Фожиа юз беришидан бир кун олдин Ёқубованинг отаси полицияга қизининг ғойиб бўлгани ҳақида ариза билан мурожаат қилган. Бироқ қиз тез орада уйга қайтиб келган. У йўқолиб қолишини шунчаки ёлғиз қолишни истагани билан изоҳлаган.
Университетда бирга ўқиган курсдошлари ҳам Эминанинг яқинлари билан алоқаси яхши эмаслигини таъкидлаган. Ҳозирда тергов жараёни давом этмоқда.
Бундан аввал Москва метросида бегона қизни ҳимоя қилган йигит аёвсиз калтаклангани ҳамда Москвада ўзбекистонлик мигрантнинг жасади топилгани хабар бергандик.
Муножат Валиева







