Россия пойтахтида кутилмаган воқеа юз берди. Таэквондо бўйича жаҳон чемпиони Эмин Четинбаг одам ўғирлашга алоқадорликда гумонланиб ҳибсга олинди. Бу ҳақда База Телеграм канали хабар берди.
Терговчиларнинг маълумотига кўра, спортчи криптовалюта билан шуғулланадиган ёшлар билан ишончли муносабат ўрнатиб, уларнинг шахсий маълумотларини шерикларига етказган. Айтилишича, бу ишга Ички ишлар вазирлигининг уч нафар ходими ҳам аралашган бўлиши мумкин.
Ҳозирда Волгоград полицияси 2024 йил ноябрь ойида криптовалюта тадбиркорининг ўғирлаб кетилиши юзасидан тергов ҳаракатларини олиб бормоқда. Четинбагнинг исм-шарифи гумондорлар рўйхатида тилга олинмоқда.
Бироқ спортчининг онаси ўғли ҳибсга олинганини инкор этиб, у ҳарбий хизматда бўлганини маълум қилди. Шунга қарамай, жаҳон чемпионининг номи тергов материалларида қайд этилаётгани жамоатчиликда катта шов-шув уйғотмоқда.


