20 август куни Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳрида буюк мутафаккир Алишер Навоийнинг ёдгорлик мажмуаси буткул бузиб ташланди. 2023 йилда ҳайкалнинг ўзи қулатилган бўлса, бу сафар аллома ҳақида маълумот ёзилган деворлар ҳам олиб ташланди. Воқеа «Толибон» ҳокимиятга келганининг тўрт йиллигида содир бўлгани эътиборни тортади.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳолат юзасидан расмий изоҳ сўраганини маълум қилди. ТИВ матбуот котиби Аҳрор Бурҳоновнинг сўзларига кўра, Афғонистон томони ёдгорлик “буюк алломанинг хотирасига муносиб эмаслиги” сабабли бузилганини билдирган ва янги, янада замонавий мажмуа қурилишини ваъда қилган.
Афғонистон томони, шунингдек, бузиш ишлари Маданият ва ахборот вазирлиги ҳамда кенг жамоатчилик билан келишилмаганини тан олган. Улар Ўзбекистон ва Афғонистон халқи учун муқаддас бўлган Навоийнинг хотирасини асрашга содиқлигини таъкидлашди.
Янги режа бўйича ҳудуд ободонлаштирилиб, Навоий ҳаёти ва ижодига оид маълумотларни ўз ичига олган ёзувлар қайта тикланади. Шунингдек, янги ёдгорлик барпо этилиб, у жойлашган майдонга “Алишер Навоий” номи берилиши режалаштирилмоқда.
Бу воқеа Афғонистонда Ўзбекистон билан ҳамкорлик алоқалари ривожланиб бораётган бир пайтда юз берди. Куни кеча икки давлат ўртасида 243 миллион долларлик энергетика лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишувлар муҳокама қилингани ҳам хабар қилинган эди.


