Янги Тошкент ҳудудида ўндан ортиқ вазирлик ва идоралар вақтинча қурилган биноларда фаолият бошлади. Бу ҳақда 20 август куни президент Шавкат Мирзиёевга тақдимот чоғида маълум қилинди. Президент матбуот хизматига кўра, янги шаҳар ҳудудида 60 дан ортиқ давлат идоралари учун замонавий маъмурий бинолар барпо этилади.
Янги Тошкент лойиҳасига 2023 йилда старт берилган. Қурилиш ишлари учун Юқори Чирчиқ ва Ўрта Чирчиқ туманларидан 19 минг 700 гектар ер ажратилган. Шаҳар концепцияси Буюк Британиянинг «Сросс-воркс» компанияси томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, дастлабки босқичда 6 минг гектар майдонда иншоотлар қад ростлайди ва 600 минг аҳолига замонавий шароит яратилади. Лойиҳа якунига етгач, янги шаҳарда 2 миллион киши истиқомат қилади.
Ҳозирда шаҳарнинг асосий инфратузилма ишлари олиб борилмоқда. Ер ости муҳандислик тармоқлари ётқизилмоқда, коллекторлар орқали иссиқлик, сув, электр ва телекоммуникация қувурлари ўтказилмоқда. Транспорт тизимини ривожлантириш учун эса туннеллар, ерости автотураргоҳлари, экологик тоза транспорт йўлаклари, метро ва электробус ҳаракати йўлга қўйилмоқда.
Инвестиция жалб қилиш ишлари ҳам жадаллашган. Ҳозиргача аукцион орқали сотилган 13 та тижорий лот бўйича 554 миллион долларлик инвестиция шартномалари имзоланган. Қурилиш ишлари давомида 160 минг нафар одам вақтинча иш билан таъминланади, келажакда эса юз минглаб доимий юқори даромадли иш ўринлари яратилиши кутилмоқда.
Президент тақдимот давомида лойиҳаларга қўшимча инвестициялар жалб этиш, дам олиш масканлари ва хизмат кўрсатиш тизимини ривожлантириш бўйича топшириқлар берди. Яқин кунларда Транспорт, Қурилиш ва Экология вазирликлари ҳам тўлиқ кўчиб ўтиши режалаштирилган.


