Наманган вилоятида “Халқ банки” Минтақавий марказида ёлланма ходим томонидан йирик миқдорда маблағни ноқонуний ўзлаштириш ҳолати фош этилди.
Банк матбуот хизмати маълумотига кўра, жорий йил апрель ойида мазкур шахс банкнинг дастурий таъминотига рухсатсиз кириб, 9,5 миллиард сўм миқдоридаги маблағни ўзлаштирган. Ҳолат “Халқ банки”нинг коррупцияга қарши ички назорат тизими орқали аниқланган ва дарҳол ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар берилган.
Мазкур воқеа юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноий иш қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Банк раҳбарияти коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда уларнинг олдини олишга қаратилган амалий чоралар изчил давом эттирилаётганини таъкидлади.
Аввалроқ Қашқадарёда “Халқ банки” филиали ходими фуқароларнинг омонат маблағларини расмий шартнома тузмасдан ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб, 2 миллион долларга яқин суммани талон-торож қилгани ҳақида хабар берилган эди.


