Ўзбекистонда 2025 йилнинг январ–июн ойларида аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликка оид 48 мингдан ортиқ ҳолат қайд этилди. Оила ва хотин-қизлар қўмитаси маълумотига кўра, бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 121 фоизга ошган.
Парламент Сенатида ушбу масала бўйича Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамовага расмий сўров юборилди. Унда тазйиқ ва зўравонликка олиб келувчи асосий омилларни аниқлаш, профилактика ишларини кучайтириш, ваколатли идоралар билан ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда маҳаллаларда бундай иллатларга нисбатан муросасизлик муҳитини шакллантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан батафсил тушунтириш бериш сўралди.
Статистикага кўра, энг кўп зўравонлик ҳолатлари Тошкент шаҳрида (9 414 та), Бухоро вилоятида (5 612 та), Қашқадарё вилоятида (5 268 та) ва Андижон вилоятида (4 808 та) қайд этилган.


