Ўрта Чирчиқда гиёҳвандлик воситалари тарқатаётган коллеж ўқувчиси ушланди
Ҳозирда унга нисбатан жиноят иши очилган.

Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманида синтетик дори воситаларини тарқатиб келган шахс ушланди. Бу ҳақда вилоят ИИББ ахборот хизмати хабар бермоқда.
Маълум бўлишича, коллеж ўқувчиси — 19 ёшли фуқаро A.O. вилоят ҳудудида гиёҳвандлик воситаларини маълум жойларга яшириб кетиш орқали уларни тарқатиб келган. У ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда далилий ашёлар билан қўлга тушган.
Тадбир давомида ушбу шахс томонидан жойларга яширилган жами 25 дона кичик ўрамларда қадоқланган «мефедрон» синтетик гиёҳвандлик воситалари холислар иштирокида ҳужжатлаштирилиб олинган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Жиноят кодекси 273-моддаси 5 қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қўшимча суриштирув ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.








