Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) ва Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) ҳамкорлигида ўтказилган махсус тадбирлар натижасида Россияда 7 нафар, Ўзбекистон ҳудудида эса 2 нафар халқаро террорчилик ташкилоти аъзолари қўлга олинди.
Аниқланишича, улар Россияда бўлган даврида диний-экстремистик оқим таъсирига тушиб, халқаро террорчилик ташкилотининг фаолиятида қатнашган. Шахслар меҳнат муҳожирларини ёллаш орқали ташкилот сафини кенгайтирган ва яширин йиғилишлар ташкил этган. Улар Телеграм орқали видеоконференция йўли билан “умумжаҳон халифалиги” деб аталувчи ғоялар асосида тизимли ўқитиш ва тарғибот ишларини олиб борган.
Россия Тергов қўмитаси улар устидан террорчилик ташкилоти фаолиятини ташкил этиш ва унда иштирок этиш бўйича жиноят иши қўзғатди. Қашқадарё вилоятида ДХХ томонидан ўтказилган операцияда эса шу жамоатнинг яна 2 аъзоси қўлга олинди. Улар ҳам экстремистик ғояларни тарғиб қилувчи материалларни тарқатиб келган.
Қўлга олинганларнинг уйларидан 4 дона мобил телефон, 3 дона экстремистик мазмундаги адабиёт, 2 дона флеш-хотира ва хорижий давлатга тегишли 1 дона СИМ-карта далилий ашё сифатида олиб қўйилди. Ҳозирда ҳибсга олинган шахслар бўйича тергов ва терговга қадар текширув ишлари давом этмоқда.


