Африканинг 23 давлатида вабо эпидемияси кузатилмоқда. Африка Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказларига кўра, жорий йилнинг ўзида 205 мингта инфекция ҳолати қайд этилган, ўлим даражаси 2,1 фоизга етган.
Вабодан ўлимнинг асосий сабаби сувсизланишдир. Касаллик кўпинча камбағал одамларга ва тоза ичимлик сувига эга бўлмаган ижтимоий заиф қатлам вакилларига таъсир қилади.
Ғарбий ва Марказий Африкада ёмғирли мавсум бошланар экан, 80 000 дан ортиқ бола вабо билан касалланиш хавфи остида, дея огоҳлантирди БМТ Болалар жамғармаси. Бунинг сабаби шундаки, ёғингарчилик пайтида канализация сувлари кўплаб африкаликлар фояланадиган қудуқлар ва дарёларга тўкилади.
Халқаро ташкилотларнинг таъкидлашича, қитъада вабо инфекциялари кўпайишининг сабабларидан бири Африкада санитария инфратузилмасига етарли даражада сармоя киритилмаслиги. Масалан, ушбу касалликдан энг кўп жабр кўрган Жанубий Суданда аҳолининг атиги 16 фоизи санитария шароитларига эга холос.


