1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Ўзбекистон

Ўзбекистонда 1200 дан ортиқ сохта “права” аниқланди

Ҳозирда қалбаки ҳужжатларни сотиб олган фуқароларнинг ўзини ҳам жиноий жавобгарликкa тортиш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Ўзбекистонда 1200 дан ортиқ сохта “права” аниқланди

 

Бош прокуратура томонидан пора эвазига давлат хизматлари марказлари орқали ҳайдовчилик гувоҳномаларини ноқонуний расмийлаштириш билан боғлиқ жиноий ҳолат фош этилди.

 

Аниқланишича, давлат хизматлари марказининг бош мутахассиси жиноий шериклари билан биргаликда 2025 йил давомида илгари ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган 72 нафар фуқародан жами 616 миллион сўм миқдорида пора олиб, уларга сохта ҳужжатлар асосида ҳайдовчилик гувоҳномаларини расмийлаштириб берган.

 

Мазкур ҳолат юзасидан давлат хизматлари марказининг бош мутахассиси ва унинг шерикларига нисбатан пора олиш, пора бериш ҳамда расмий ҳужжатларни қалбакилаштириш моддаларида айблов эълон қилиниб, уларнинг барчаси қамоққа олинган.

 

Жиноятни ўрганиш жараёнида жиноий гуруҳ томонидан сохта ҳайдовчилик гувоҳномаларини расмийлаштиришнинг икки хил усули қўллангани аниқланган.

 

Биринчи ҳолатда, жиноий гуруҳ вакиллари фуқаролардан 500–1000 АҚШ доллари эвазига эски турдаги ҳайдовчилик гувоҳномаларини қўлбола усулда тайёрлаб берган. Ушбу қалбаки ҳужжатлар давлат хизматлари марказига топширилиб, ходимга пора бериш орқали уларнинг ўрнига янги ҳайдовчилик гувоҳномалари расмийлаштирилган.

 

Иккинчи ҳолатда эса, фуқаролардан 10 минг АҚШ долларигача бўлган маблағ эвазига ҳудудий ЙҲХБ органларидан берилгандек кўрсатилган, сохта ҚР код ва имзолар билан тасдиқланган маълумотномалар тайёрланган. Ушбу сохта ҳужжатлар орқали ҳам янги ҳайдовчилик гувоҳномалари олинган.

 

Ҳар икки ҳолатда ҳам фуқаролар ҳайдовчилик гувоҳномасига эга эмаслигини била туриб, гўёки ҳужжатларини йўқотиб қўйганликлари ҳақида давлат хизматлари марказига мурожаат қилган.

 

Натижада, 72 нафар фуқаро ҳужжатларни қалбакилаштириш ва давлат ташкилоти ходимига пора бериш жиноятларига шерик бўлгани аниқланган.

 

Шунингдек, Бош прокуратура томонидан вилоятларда ўтказилган текширувлар давомида жами 1200 дан ортиқ қалбаки ҳайдовчилик гувоҳномалари аниқланган. Жумладан, Тошкент шаҳрида 440 та, Навоий вилоятида 265 та, Сурхондарё вилоятида 205 та, Самарқанд вилоятида 146 та, Қашқадарё вилоятида 33 та, Сирдарё вилоятида 20 та ҳамда бошқа ҳудудларда 100 дан ортиқ қалбаки ҳужжатлар фош этилган.

 

Ҳозирда мазкур қалбаки ҳужжатлар асосида расмийлаштирилган барча ҳайдовчилик гувоҳномалари бекор қилинган бўлиб, ҳужжатларни тайёрлаган ва сотиб олган шахсларнинг жиноий жавобгарлиги масаласи кўриб чиқилмоқда.

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика