1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Ўзбекистон

Ўзбекистонда 15 январдан аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишнинг онлайн босқичи бошланди

Фуқаролар 31 январга қадар census.stat.uz орқали онлайн рўйхатдан ўтишлари мумкин.

Ўзбекистонда 15 январдан аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишнинг онлайн босқичи бошланди

 

Ўзбекистонда 15 январдан бошлаб аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишнинг биринчи — онлайн босқичи бошланди. Ушбу босқич доирасида фуқаролар census.stat.uz махсус портали орқали ўзлари ва оила аъзоларини мустақил равишда рўйхатдан ўтказишлари мумкин. Бу ҳақда Статистика қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

 

Порталда жойлаштирилган барча матнлар ва сўровномалар 8 та тилда тақдим этилган бўлиб, улар тил меъёрларига тўлиқ риоя қилинган ҳолда тайёрланган. Матнлар Давлат тили билан ишлаш ва малака ошириш маркази ҳамда Республика таълим маркази томонидан текширилиб, белгиланган тартибда тасдиқланган.

 

Миллий статистика қўмитаси мазкур усулнинг қулайлиги ва тезкорлигини инобатга олиб, фуқароларга айнан онлайн рўйхатдан ўтишни тавсия қилмоқда. Онлайн босқич 31 январга қадар давом этади.

 

Миллий статистика қўмитаси раиси Беҳзод Ҳамраев рўйхатга олиш жараёнида ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаш бўйича барча зарур чоралар кўрилганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, фуқаролар томонидан тақдим этилаётган барча маълумотлар қонунчилик талабларига мувофиқ ҳимояланади, шахсий маълумотлар тўлиқ махфий сақланади ва фақат умумлаштирилган ҳолда статистик мақсадларда қўлланилади. Ушбу маълумотлар солиқ, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ёки бошқа назорат органларига берилмайди.

 

Рўйхатга олишнинг иккинчи босқичи 4–28 февраль кунлари ўтказилади. Бу босқичда “маҳалла еттилиги” тизими ходимлари уйма-уй юриб, онлайн хизматдан фойдалана олмаган фуқароларни планшет қурилмалари орқали рўйхатга олади.

 

Аҳолини рўйхатга олиш жараёни мамлакатнинг барча ҳудудлари ва аҳоли пунктларини қамраб олади. Дастлабки натижалар жорий йилнинг 1 июлига қадар, якуний маълумотлар эса 2027 йил 1 июлга қадар эълон қилиниши режалаштирилган.

 

Қайд этилишича, бу Ўзбекистон мустақилликка эришганидан буён бутун мамлакат бўйлаб ўтказилаётган илк кенг кўламли аҳолини рўйхатга олиш жараёни ҳисобланади.

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика