Ўзбекистонда иш вақтидан ташқари меҳнат учун 2 баробаргача ҳақ тўланади
Меҳнат кодексидаги “йилига 120 соат” чеклови бекор қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Қонун (ЎРҚ–1095, 2025 йил 11 ноябрь) билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Ушбу ҳужжат меҳнат муносабатларини тартибга солиш, хусусий бандлик агентликлари фаолиятини кенгайтириш ҳамда иш вақтидан ташқари меҳнат учун ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган.
Қонунга кўра, хусусий бандлик агентликларига иш изловчиларга касб-ҳунар ва хорижий тиллар бўйича ўқув курсларини ташкил этиш, чет эл иш берувчиларни бу жараёнга жалб қилиш, шунингдек, заҳира маблағларини тижорат банклари депозитларига жойлаштириш орқали олинадиган фоиз даромадларини мустақил тасарруф этиш ҳуқуқлари берилди.
Шунингдек, Меҳнат кодексига киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, иш вақтидан ташқари меҳнатнинг йиллик давомийлиги 120 соатдан ошмаслиги ҳақидаги талаб бекор қилинди. Эндиликда ходимлар иш вақтидан ташқари бажарган меҳнатлари учун бир кунда дастлабки икки соат учун камида 1,5 баробар, икки соатдан ортиқ ишлаган ҳолларда эса камида 2 баробар миқдорда ҳақ олишади.
Мазкур ўзгаришлар меҳнат муносабатларини янада шаффоф қилиш, ходимларнинг ҳуқуқларини ҳимоя этиш ва хусусий бандлик тизимида самарадорликни оширишга хизмат қилади.







