Ўзбекистонда интеллектуал мулк ҳуқуқларини бузганлик учун жиноий жавобгарликни кучайтирувчи қонун қабул қилинди. Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган ушбу ҳужжат уч ойдан сўнг кучга киради.
Янги тартибга мувофиқ, товар белгилари, ихтиролар, дастурий таъминот, саноат намуналари ва бошқа интеллектуал мулк объектларига бўлган мулкий ҳамда шахсий номулкий ҳуқуқларни бузган шахслар Жиноят кодексига асосан жавобгарликка тортилади.
Шунингдек, маъмурий жарималар миқдори оширилди, ҳуқуқбузарлик содир этишда фойдаланилган ашёларни мусодара қилиш чораси белгиланди. Адлия органларига контрафакт маҳсулотларни текшириш ва мусодара қилиш ҳуқуқи берилиб, улар қоидабузар ҳисобидан йўқ қилинади.
Мазкур ислоҳотнинг мақсади — интеллектуал мулк соҳасида ҳуқуқий ҳимояни кучайтириш, контрафакт маҳсулотлар айланмасини камайтириш, хорижий инвестициялар оқимини ошириш ва Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнини жадаллаштиришдир.


