Ижтимоий тармоқларда собиқ депутат, ҳозирда Экология вазири маслаҳатчиси Расул Кушербаевга оид янги маълумотлар тарқалди. Хабарларга кўра, унинг шаръий никоҳдаги рафикаси суд орқали фарзанди учун алимент ундиришни сўраган. Суд болага тўланиши лозим бўлган алимент миқдорини белгилаган бўлса-да, Кушербаев ушбу мажбуриятни бажаришдан бош тортиб, қарорга эътироз билдирган.
Аёлнинг таъкидлашича, алимент масаласидаги бетайинлик сабаб оила ичида кўплаб келишмовчиликлар юзага келган. У, шунингдек, турмуш ўртоғининг бошқа аёл билан муносабатлари ҳақида ҳам даъво қилган. Мурожаат матнида болани боқиш харажатлари, хусусан, озиқ-овқат ва гигиена воситаларига маблағ етишмаслиги, соғлигидаги муаммолар сабаб ўзи ишлаш имкониятининг чекланганлиги қайд этилган.
Онасининг айтишича, алимент тўланиши унинг фарзандига қараш учун энага ёллаб, ўзи ишга чиқишига имконият берар эди. Шунингдек, маҳалла, ҳокимлик ва Мажбурий ижро бюросига қилган мурожаатлари ҳам ижобий натижа бермаган.
Расул Кушербаев эса ҳозирча ушбу масалага расмий изоҳ бермаган.


