Жорий йил ентябр ойида ўтказилган халқаро тезкор-қидирув тадбири давомида трансмиллий уюшган наркотик гуруҳнинг 6 нафар аъзоси қўлга олинди. Бу ҳақида Андижон вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.
Қайд этилишича, тадбир Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати ва Божхона хизмати ходимлари ҳамкорлигида амалга оширилиб, жами 111 килограмм миқдорда гиёҳвандлик воситалари мусодара қилинган.
13 сентябр куни Фарғона вилоятида яшовчи шахс гиёҳвандлик воситаларини қабул қилиб олаётганда ушланган. Шунингдек, Андижон вилоятида яшовчи икки нафар аъзо 10 килограмм гашишни кўмилган жойдан олаётганда қўлга тушган.
Тезкор суриштирув ишлари давомида яна икки нафар аъзо Андижон вилоятидаги ошхонада 6000 АҚШ доллари эвазига 1 килограмм опий сотиб олаётганда ушланган. Гуруҳнинг яна бир аъзоси эса Тошкент вилояти, Ангрен шаҳрида 5 килограмм опий қабул қилиб олаётганда қўлга олинди.
Тергов маълумотларига кўра, мазкур уюшган жиноий гуруҳ бир неча йилдан буён Андижон, Фарғона, Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳри ҳудудида гиёҳвандлик моддаларини тарқатиш билан шуғулланиб келган. Ҳар бир ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Қолган аъзоларни қўлга олиш бўйича тезкор тадбирлар давом этмоқда.


