Ўзбеклар чойхўрликда биринчи....ми?
Бугун, 21 май — Халқаро чой куни.

БМТ Бош Ассамблеяси 2019 йилнинг 21 декабрида қабул қилган қарорга кўра, ҳар йили 21 майда “Халқаро чой куни” (International Tea Day) нишонланади.
Бундан бир неча йил аввал Euromonitor International томонидан “Чой ёки қахва? Қайси мамлакатларда бу ичимликларга ҳоҳиш бор?” мавзуида сўров ўтказилганди. Жаҳон мамлакатларида ўтказилган тадқиқот натижалари The Independent нашрида эълон қилинди. Тадқиқот натижаларига қараганда, Ўзбекистон аҳолисининг 99,6 фоизи чой истеъмол қилишга мойил эканликлари ойдинлашган. Гватемала аҳолисининг 99,6 фоизи қаҳвани афзал кўрган. Чойни афзал кўрувчи мамлакатлар сафидан Кения (99,2 фоиз), Озорбайжон (99,1 фоиз), Покистон (99 фоиз), Хитой (98,9 фоиз) ва Миср (98,5 фоиз) ўрин олган. Қаҳвани эса Доминикан Республикаси (99 фоиз), Бразилия ва Эквадор (97,4 фоиз), Греция (96,8 фоиз) ва Дания (92,2 фоиз) аҳолиси яхши кўриши маълум бўлди. Россия аҳолисининг 77,5 фоизи чойни, 22,5 фоизи эса қаҳвани яхши кўрар экан. Буюк Британияда эса аҳолининг 78,4 фоизи чой ичишни маъқул кўришларини айтишган.
Мутахассисларнинг айтишича, ҳар куни дунё бўйлаб одамлар ўз ҳоҳишларига қараб 1 миллиард 600 минг чашка қаҳва ва бундан икки баробар кўп чой ичишар экан. Бугунги кунда дунё олимлари ўртасида “чой афзалми ёки қаҳвами?” деган савол кенг муҳокамалар мавзусига айланган. Кимдир инсон организми учун чой афзал деса, бошқаси қаҳванинг афзалликлари борасида соатлаб гапириши мумкин. Буюк Британиялик олим Жорж Оруэлл ёзганидек, “чой Британиядаги цивилизациянинг устунларидан биридир”. Тадқиқот натижаларига кўра, ҳар икки ичимлик эксперимент иштирокчиларининг кайфиятига бир хил таъсир кўрсатиши аниқланди. Лекин уйқу олдидан қаҳва ичиш мақсадга мувофиқ эмаслиги айтилади.
Буюк Британиянинг Саррей графлиги университети олимлари ўтказган тадқиқотларга қараганда қаҳва ичиб тўшакка чўзилган одамларнинг кўзига уйқу келиши қийин бўлар экан. Бундан кўриниб турибдики, чойнинг қаҳвага нисбатан афзалликлари бор экан. Уйқу олдидан ичилиши назарда тутиладиган бўлса, у ҳолда чой сўзсиз қаҳвани сиқиб чиқаради. Шу сабабли тунда телевизор кўрмоқчи ёки ишламоқчи бўлганларга қаҳва ичиш тавсия қилинади. Кун бўйи ишлаб, тунда яхши ором олмоқчи бўлганларга эса чой ичиш маслаҳати берилади. Аммо тиш шифокорларининг фикрича, қаҳвага нисбатан чой тишларни кўпроқ сарғайтирар экан. Бироқ Англияда чой асабларни тинчлантириб, ақл ривожига хизмат қилиши айтилади. Яъни мунтазам чой ичиб юрувчиларнинг ҳамиша босиқ экани тан олинади. Қаҳва ичиб юрувчилар ҳақида бундай деб бўлмайди. Олимлар чой ҳам, қаҳва ҳам юракка деярли таъсир кўрсатмаслигини айтишар экан, қаҳванинг юрагимизга сал бўлса ҳам фойдаси борлигини айтишади. Чой эса саратон касалликларидан ҳимоя қилиши айтилмоқда. Кўк ва қора чой таркибида инсон организми учун фойдали ва табиий бўлган маҳсулотлар борлиги аниқланди.
Шифокорлар имкон борича халталарга қадоқланган чойларни ичмасликни маслаҳат беришади. Чунки уларга ранг ва таъм берувчи кимёвий қўшимчалар солинар экан. Халтали чойлардан бўғим ва суяклар зарар кўриши аниқланган. Қаҳвани мунтазам ичиш юрак қон томири хасталикларига олиб келади. Альцгеймер касалиги хавфини ортиради. Шу сабабли қаҳвадан кўра чой афзалроқ деган қарашлар бор. Энг яхшиси баргли чой истеъмол қилган яхшироқдир.
Чой барги махсус плантацияларпда етиштирилади. Унинг илдизига зиён етмаслиги учун илиқ иқлим зарур бўлади. Чой плантациялари асосан тропик ва субтропик иқлимли тоғ ёнбағрларида жойлашган. Чой асосан Хитой, Ҳиндистон ва Африкада етиштирилади. Ҳосил бир йилда тўрт марта йиғиб олинади. Биринчи ва иккинчи ҳосил қимматга баҳоланади.
Жаҳонда етиштириладиган чойнинг чорак қисми Хитой ҳиссасига тўғри келади. Бу мамлакатда қора ва кўк чойдан ташқари оқ ва сариқ чой ҳам етиштирилади. Шунингдек, чойнинг улун ва пуэра турлари ҳам бор. Чой етиштириш бўйича Ҳиндистон иккинчи ўринда туради. Бу мамлакатда асосан қора чой етиштирилиб, чойнинг катта қисми экспорт қилинади. Цейлон чойлари билан машҳур Шри-Ланка ҳиссасига жаҳондаги чойларнинг 9-10 фоизи тўғри келади. Японияда асосан кўк чой етиштирилади. Асосий қисми мамлакат ичида истеъмол қилинса, қолганлари АҚШ ва Европа мамлакатларига экспорт қилинади. Ҳиндихитой минтақасида асосан Вьетнам ва Индонезия чой етиштиради. Африкада эса Кениядан ташқари Уганда, Бурунди, Камерун, Малави, Мавритания, Мозамбик, Руанда, Жанубий Африка Республикаси, Зимбабведа ҳам 19 асрдан бери фақат қора чой етиштириб келинади. Бу давлатлардан ташқари яна ўнлаб мамлакатларда чой етиштирилишини эслатиб ўтамиз.
Халқимизда чойларни совитиб ичиш билан боғлиқ ҳодисалар ҳам учраб туради. Бу соғлиғимиз учун турган битгани зарар экани исботланди. Чунки дамланган чой ярим соат ўтар ўтмас нафақат таъмини, балки барча фойдали жиҳатларини йўқотар экан. Агар туриб қолган чой истеъмол қилинса, у ҳолда асаб бузилишларига олиб келар ва ошқозон ҳамда тишларда муаммолар туғдирар экан. Ошқозон яллиғланиши ва ошқозон ярасига айнан туриб қолган чойлар сабаб бўлади. Шу билан бирга, чой ёки қаҳвани иссиқ ҳолда ичиш ҳам ярамайди. Сал совутиб ичиш керак.
Ўзбекистонда чой ичиш миллий маданиятимизнинг таркибий қисмига айланган. Бирор бир ўтириш чойсиз ўтмайди. Овқатдан олдин чой узатилади. Таом истеъмолидан кейин ҳам чой ичилади. Биргаликда чойхўрлик ўзбекларнинг қадимий аньанасидир. Бу — одамларни бир-бирига яқинлаштиришга, ўзаро ҳурматига хизмат қилади. Минтақаларга қараб одамлар кўк ёки қора чой ичишади. Чой асосан пиёлаларда узатилади. Маърака ва маросимларда чой асосан кичиклар томонидан пиёлаларга қуйилиб, катталарга узатилади. Ўзбекларда чой дамлашнинг бошқа халқлардан фарқли жиҳати бор. Чойнакка дамланган чой уч марта пиёлага қуйилиб, яна чойнакка қайтарилади. “Шу тариқа чой яхши дамланади”, деган қарашлар бор. Бир қатор минтақаларда пиёла тўлдирилган холда меҳмонларга узатилса, Тошкентда пиёланинг ярмисигача чой қуйилади. Яқин яқингача чойга сут қўшиларди. Бу ширчой дейилади. Чойга сут қўшиш одати қишлоқ оилаларида ҳамон сақланиб қолган. Чойга мураббо, лимон ва шакар қўшиб ичиш ҳам урфга айланган. Шуниси эътиборлики, хитойликлар чойга шакар қўшмайди. Уларнинг фикрича, бу чойнинг таъмини ўзгартириб юборар экан.
Минтақамизга чой 19 асрларда кириб келган. “Унгача аждодоларимиз нима ичишган?”, деган савол туғилиши мумкин. Сақланиб қолган урф-одатларимизни таҳлил қиладиган бўлсак, яқин-яқингача ота-боболаримиз ёзин-қишин мевалардан тайёрланган шарбат ичишган. Қишда олма, шафтоли, ўрик, гилос, олча ва бошқа мевалардан тайёрланган қоқилар қайнатилиб ичилган. Бу инсонларнинг организмига анча фойдали бўлган. Турли касалликларнинг олдини олган. Болалар соғлом бўлган.
Шарофиддин Тўлаганов тайёрлади







