“Права”ни сотиб олиб, ҳаётига нуқта қўяётганлар ёхуд Ягона имтиҳон марказлари ЙТҲлар сонини камайтиряптими?
Сўнгги пайтларда “авария” ҳақидаги хабарлар деярли ҳар куни қулоққа чалинадиган бўлиб қолди. Хўш, ЙТҲлар кўпайишига сабаб нима: ҳайдовчиларнинг эътиборсизлигими ёки билимсизлиги?

Сўнгги пайтларда деярли ҳар куни Ўзбекистоннинг қайсидир нуқтасида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлгани ҳақида хабарлар қулоққа чалинадиган бўлиб қолди. Ҳатто бир куннинг ўзида бир вилоят ҳудудида ўнлаб машиналар иштирокида тўқнашувлар юз бериш ҳолатлари учраб турибди. Энг ачинарлиси — ушбу кўнгилсиз ҳолатлар оқибатида жабр кўраётганлар сони ЙТҲлар сонидан кўпроқни ташкил этмоқда.
Таҳлилларга кўра, 2021 йилда республика бўйича жами 3753 та ЙТҲ содир бўлган бўлса, оқибатда 1014 нафар инсон вафот этган, 3767 киши турли даражада жароҳатланган. Ҳалок бўлганлар сони билан тан жароҳати олганлар сонини қўшиб ҳисоблаганда, бу рақамлар салкам ЙТҲ сонидан мингтага кўп — 4481 нафар инсон жабрланган.
2022 йил 26 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев кенгайтирилган видеоселектор йиғилишида айни шу муаммога тўхталиб, йўл ҳаракати хавфсизлиги билан боғлиқ вазиятни танқид қилган эди.
“Умуман, ҳайдовчилик гувоҳномасини ўқимасдан олиш оддий ҳолга айланиб қолди. Шунинг учун авариялар сони соат сайин ошиб бормоқда”, — деган эди Президент.
Давлат раҳбари ушбу муаммони бартараф қилиш учун мутасаддиларга, аввало, ўқитиш тизимини тубдан такомиллаштириш, иккинчидан, ўқитмасдан ва ўргатмасдан гувоҳнома бериш “жинояти”га қарши жазони кучайтириш бўйича қонунчиликка қўшимча киритиш юзасидан таклиф киритиш топшириғини берган.
Шундан сўнг, 2022 йил 3 февраль Тошкент шаҳрида ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун имтиҳон топшириш бўйича Ягона имтиҳон маркази ўз фаолиятини бошлади. Янги тизимда фуқаролар билимини баҳолашда инсон омили иштирок этмайди, бутун жараён автоматлаштирилган.
“Энди пули ёки таниши борлар эмас, фақат билими борларгина рулга ўтиради, йўлга чиқади. Биз бундан бошқасига рози эмасмиз ва бунга йўл ҳам қўймаймиз”, — деган эди унинг очилиш маросимида қатнашган ички ишлар вазири ўринбосари Бекмурод Абдуллаев.
Кейинчалик бу турдаги имтиҳон марказлари Тошкент ва Фарғона вилоятиларида иш бошлади. Оҳангарон туманидаги марказнинг очилиш маросимида сўзга чиққан Комил Алламжонов “Тошкентдаги имтиҳон марказида коррупция нолга тенг, ҳайдовчилик гувоҳномасини фақатгина билимлилар олади”, — деганди.
Статистик маълумотлар ҳақиқатан ҳам ягона имтиҳон марказлари фаолият бошлаганидан сўнг Тошкент шаҳри ва вилоятида ЙТҲлар сони бироз камайганини кўрсатмоқда. Пойтахтда 2021 йилда 438 та, 2022 йилда эса 413 та тўқнашув юз берган. Тошкент вилоятида бу кўрсаткич 2021 йилда 529 тани, 2022 йилда 479 тани ташкил этган.
Аммо имтиҳонсиз “права” олиб бериш ёки автомактабларда ўқитмасдан туриб ўқиганлиги ҳақида гувоҳнома бериш билан боғлиқ жиноятлар ҳамон содир этиляпти. Айнан Тошкент шаҳри ва вилоятида Ягона имтиҳон марказлари очилганидан сўнг ҳам шу каби бир нечта “қинғир ишлар” фош этилди.
Хусусан, 2022 йили Тошкент вилоятининг Паркент туманида МЧЖ раҳбари, пойтахтнинг Миробод туманида “Чилонзор ўқув спорт техника клуби” унитар корхонаси бошлиғи фуқароларга ўқув машғулотларида қатнашмасдан, ўқиганлик ҳақидаги гувоҳномани тайёрлаб бериши эвазига пора олаётган вақтида қўлга тушган.
Бундан ташқари, Тошкент шаҳрининг Чилонзор ва Шайхонтоҳур туманларида фуқароларни ҳайдовчилик гувоҳномаси учун бўлиб ўтадиган имтиҳондан ўтказиб қўйиш ва “права” олиб бериш эвазига пора талаб қилган шахслар ушланган.
Тошкентда “права” учун имтиҳонларнинг қаттиқ режимда ўтказилиши ортидан кўпчилик бу масалага масъулият билан ёндашяпти ва шунга мажбур ҳам. Лекин вилоятларда бу тартиб ҳали тўлиқ жорий қилингани йўқ. Пойтахтдаги каби ягона имтиҳон марказлари республикадаги барча ҳудудларда иш бошласа, имтиҳонлар инсон омилидан янада холи, шаффоф бўларди ва бу барча имтиҳон топширувчилар учун ҳам адолатли ечим бўларди.
Автомашина рулига ўтирган ҳайдовчи нафақат ўзи, балки йўловчилар ҳаёти учун ҳам жавобгардир. Бир сониялик эътиборсизлик, йўл ҳаракати қоидаларини билмаслик ёки билиб туриб амал қилмаслик инсон(лар) ҳаётига нуқта қўйиши мумкин. Шундай экан, бўлажак ҳайдовчилар автотранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини олётганда, аввало, виждонан ўқиса, имтиҳонлардан пул билан эмас, билим билан ўтса, “авария”лар сони сезиларли даражада камаяди...







