Ҳурматли қурувчилар, муҳандис ва мутахассислар, соҳа фахрийлари!
Сизларни касб байрамингиз билан самимий муборакбод этаман. Сизларнинг фидокорона меҳнатингиз туфайли Янги Ўзбекистоннинг замонавий, обод ва кўркам қиёфаси шаклланмоқда, халқимиз турмуши янада фаровон бўлиб бормоқда.
Сўнгги йилларда қурилиш сохаси мамлакат иқтисодиётининг муҳим драйверларидан бирига айланди. Қурилиш ишлари ҳажми 2016 йилдаги 30 трлн сўмдан 2024 йилда қарийб 234 трлн сўмга етди. 2024 йилда 40,5 млн кв. метр, жорий йилда эса 45 млн кв. метрдан ортиқ бино ва иншоотлар фойдаланишга топширилиши кутилмоқда.
Ўтган йили 2 044 та кўп қаватли уй барпо этилиб, 100 мингдан ортиқ хонадон фойдаланишга топширилди. 2025 йилда “Янги Ўзбекистон” массивларида 135 минг хонадон тайёр бўлади, 2030 йилгача эса бу кўрсаткич 250 минг хонадонга етказилади. “Янги Тошкент” лойиҳаси доирасида эса 20 минг гектар майдонда 2 млн аҳоли учун қулай инфратузилма барпо этилмоқда.
Қурилиш соҳасида 30 дан ортиқ ахборот тизими жорий қилинди, “Шаффоф қурилиш” миллий тизими орқали ортиқча ҳужжатбозлик бартараф этилди, тендер жараёнлари очиқ ва рақобатбардош муҳитда ўтказилмоқда. “Эскроу” тизими эса улушдор фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга хизмат қилмоқда.
Ҳурматли дўстлар!
Қурилиш — келажак авлодга қолдирадиган буюк меросимиздир. Ҳар бир бино ва иншоот, ҳар бир кўча ва шаҳар кўринишида сизларнинг қўл изингиз бор. Янги Ўзбекистоннинг замонавий шаҳарлари, қулай турар жой массивлари ва бетакрор иншоотлари сизнинг маҳоратиңиз ва фидойилигингиз билан бунёд этилади.
Сизларга мустаҳкам соғлиқ, оилавий фаровонлик ва янги зафарлар тилайман!


