1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Ўзбекистон

Россияда 10 ёшли Қобилжон пичоқлаб ўлдирилди

Россиянинг Москва вилоятидаги мактабда юз берган фожиа ижтимоий тармоқларни ларзага солди. Гап шундаки, 15 ёшли рус миллатига мансуб ўқувчи 10 ёшли марказий осиёлик бошқа бир ўқувчини пичоқлаб ўлдирди.

Россияда 10 ёшли Қобилжон пичоқлаб ўлдирилди

 

Расмий хабарларга кўра, ҳодиса 16 декабрь куни эрталаб Горки-2 посёлкасида жойлашган Успенская мактабида юз берган. Қотилликни шу мактабнинг 9-синф ўқувчиси, 15 ёшли Тимофей исмли бола содир этган.

 

Телеграм каналларда тарқалган видеотасвирларда у ўқитувчи билан турган ўқувчилар гуруҳи олдига боргани ва улардан қайси миллатдан эканини сўрагани акс этган. Шу пайтда ортдан мактаб қўриқчиси яқинлашиб келган. Тимофей унга аввалига қалампирли баллон билан ҳужум қилган, сўнг пичоқ билан бир марта зарба берган ва кейин ўқувчиларга қараб югурган. Улардан бирига етиб олиб, танасининг турли жойларига бир неча марта пичоқ санчган. У қотилликдан кейин ўз қурбонининг жасади фонида селфи олган.

 

Ҳодиса оқибатида тожик миллатига мансуб Қобилжон исмли бола оғир тан жароҳатлари олиб, вафот этган. У шу мактабнинг 4-синфида таҳсил олаётган бўлган. Умумий ҳисобда, бир нафар бола ҳалок бўлгани ва уч киши жароҳат олгани айтилмоқда.

 

Воқеа ҳақида соат 9:00 ларда Москва вилояти полициясига хабар берилган. Гумонланувчи ҳодиса жойидаёқ қўлга олинган. Россия Тергов қўмитаси мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатган.

 

Айрим оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларда гумонланувчининг кийимида миллатчилик ва неонацистик қарашларга ишора қилувчи ёзувлар бўлгани айтилмоқда.

 

Ҳужумдан бир неча кун олдин Тимофей синфдошларига ўзи ёзган “Менинг ғазабим” номли манифестини юборган. Ушбу манифестда Тимофей жамиятдан нафратланишини ёзиб, одамларни «биочиқинди» деб атаган. Шунингдек, муаммоларда мусулмонларни, ЛГБТ вакилларини, яҳудийларни, антифашистларни, либералларни ва мухолифатчиларни айблаган.

 

Тимофейнинг телефонидаги галереяда селфилар ва ҳалок бўлган мактаб ўқувчисининг сурати аниқланган. Шунингдек, унинг каскасида 2022 йилда АҚШда содир этилган оммавий отишмага ишора қилувчи ёзув ҳам бўлган.

 

Тимофей “Ҳеч кимнинг ҳаёти аҳамиятга эга эмас” ёзуви туширилган футболкада бўлган. Бундан ташқари, ўсмирнинг бошида америкалик неонацист, 2015 йилда Чарлстон шаҳридаги черковда тўққиз нафар қора танлини ўлдирган Дилан Руфдан иқтибослар ёзилган шлем бўлган. Унда: “Буни мен қилишимга тўғри келди, чунки кимдир нимадир қилиши керак эди”, деган ёзув ҳам мавжуд.

 

Россия Тергов қўмитаси қотиллик ва суиқасд моддалари бўйича жиноий иш қўзғатди. Москва области губернатори Андрей Воробёв мактаб ўқувчиларига қилинган ҳужумни “даҳшатли ва ҳаддан ташқари шафқатсиз” дея баҳолади.

 

Ҳозирда ҳодиса бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Жамоатчилик марказий осиёлик боланинг ўлдирилгани Россия ОАВлари томонидан кенг ёритилмаётганидан норозилик билдирмоқда. Интернет тармоқларида эса боласи ҳалок бўлган тожик аёлнинг ҳануз мактабдан фарзандининг чиқишини кутиб тургани акс этган кадрлар жамоатчилик юрагини ларзага солмоқда.

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика