Россияда туғилиб, шифохонада ташлаб кетилган ўзбекистонлик чақалоқ онаси билан бирга Ўзбекистонга олиб келинди. Бу ҳақда "Дунё" ахборот агентлиги маълум қилди. Ҳолат Екатеринбург шаҳридаги тиббиёт муассасасида қайд этилган.
Маълум бўлишича, Ўзбекистон фуқароси бўлган аёл жуда заиф туғилган, махсус тиббий вакуумда парвариш қилинаётган чақалоғидан воз кечмоқчи эканини билдирган. Орадан уч кун ўтгач, у гўдакни шифохонада қолдириб, муассасани тарк этган. Шундан сўнг шифохона вакиллари ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистоннинг Бош консулхонасига мурожаат қилган.
Дипломатлар томонидан аёл топилиб, у билан тушунтириш ишлари олиб борилган. Натижада бола ҳужжатлари расмийлаштирилиб, она ва чақалоқ учун барча зарур шароитлар яратилди. Тиббий хизматлар харажатлари Россиядаги ўзбекистонлик тадбиркорлар томонидан қопланган. Она ва бола Екатеринбург–Тошкент йўналиши бўйича Ўзбекистонга қайтарилди.


