Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Буюк Британия Бош вазирининг инвестициялар бўйича маслаҳатчиси Варун Чандра билан учрашув ўтказди.
Мулоқот чоғида икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда инновацион ташаббусларни қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди.
Варун Чандра Ўзбекистонда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотлар, бизнес муҳитини яхшилаш ва инвестицияларни жалб этиш борасидаги чора-тадбирларни юқори баҳолаб, Британия бизнес доиралари ушбу жараёнларда фаол иштирок этишга тайёр эканини билдирди.
Саида Мирзиёева, ўз навбатида, учрашувда эришилган келишувлар Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасидаги узоқ муддатли шерикликни мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Саида Мирзиёева Буюк Британия Бош вазири ўринбосари ва адлия вазири Девид Лемми билан ҳам учрашув ўтказган эди. Учрашувда инсон капиталига ривож бериш, Ўзбекистон таълим тизимига Кембридж дастурларини жорий этиш, Оксфорд университетида ўзбек тилини ўрганиш лойиҳасини йўлга қўйиш ҳамда инглиз тилида сўзлашувчи ўқитувчиларни жалб этиш масалалари муҳокама қилинган эди.


