Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев АҚШ Президентининг расмий қароргоҳи – Вашингтон шаҳридаги Оқ уйда бўлиб ўтган Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШ етакчиларининг “C5+1” форматдаги саммитида иштирок этди.
АҚШ Президенти Дональд Трамп раислигида ўтган ушбу тадбирда Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тўқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон ҳамда Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов қатнашди.
Давлатимиз раҳбари саммит ташкил этилгани учун миннатдорлик билдириб, сўнгги 10 йил давомида “C5+1” механизми минтақавий савдо, транспорт ва энергетика алоқаларини мустаҳкамлашда самарали майдонга айланганини қайд этди. Мазкур учрашув Марказий Осиё ва АҚШ ўртасидаги стратегик мулоқотни янги босқичга кўтариши алоҳида таъкидланди.
Ўзбекистон Президенти формат доирасидаги ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида қатор ташаббусларни илгари сурди. Жумладан:
“C5+1” доирасида мунтазам фаолият юритувчи Котибиятни ташкил этиш;
давлат идоралари, компаниялар ва молия институтлари ўртасидаги тизимли мулоқотни кучайтириш учун вазирлар даражасидаги Инвестициялар ва савдо бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш тузиш;
“Марказий Осиё инвестициявий шериклиги” жамғармасини ишга тушириш;
минтақани Жанубий Кавказ ва Европа билан боғловчи йирик транспорт-коммуникация ва энергетика лойиҳаларини амалга оширишда АҚШ билан ҳамкорликни кучайтириш.
Шунингдек, муҳим минералларни излаш, қазиб олиш ва чуқур қайта ишлашни мувофиқлаштириш ҳамда тайёр маҳсулотларни глобал етказиб бериш занжирларига интеграция қилиш учун Махсус қўмита тузиш таклиф қилинди.
Қишлоқ хўжалигини замонавий Америка технологиялари асосида модернизация қилиш мақсадида Мintaқавий агротехнологик инновациялар шериклигини яратиш ташаббуси илгари сурилди.
Гуманитар соҳада эса АҚШнинг етакчи музейларида Марказий Осиё давлатларининг бой маданий меросига бағишланган қўшма кўргазмалар ташкил этиш таклиф қилинди.
Давлатимиз раҳбари навбатдаги “C5+1” саммитини Самарқанд шаҳрида ўтказишни таклиф этди.
Тадбир якунида кўп томонлама ҳужжатлар имзоланди.


