1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Ўзбекистон

Шавкат Мирзиёев давлат арбоби Исмоил Жўрабековнинг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди

94 ёшида вафот этган Исмоил Жўрабеков республикада ирригация ва мелиорация тизимини ривожлантиришда беқиёс хизмат қилган.

Шавкат Мирзиёев давлат арбоби Исмоил Жўрабековнинг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди

Атоқли давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг маслаҳатчиси Исмоил Ҳакимович Жўрабеков 2025 йил 28 сентябр куни 94 ёшида вафот этди.

 

Исмоил Жўрабеков 1931 йил 12 сентябрда Самарқанд шаҳрида туғилган. Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида таълим олиб, меҳнат фаолиятини 1955 йилда Пастдарғом туманида муҳандис-гидротехника сифатида бошлаган. Кейинчалик “Сувқурилиш” трести бошқарувчиси, Сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари, Мелиорация ва сув хўжалиги вазири, Ўзбекистон Вазирлар Кенгаши Раисининг биринчи ўринбосари, мустақилликдан сўнг эса Бош вазирнинг биринчи ўринбосари каби масъул лавозимларда фаолият юритиб, ирригация ва мелиорация соҳаларини ривожлантиришга беқиёс ҳисса қўшди.

 

У ижро ҳокимияти институтларини шакллантириш, қишлоқ хўжалигида ислоҳотларни амалга ошириш, фермерлик ҳаракатини ривожлантиришда юксак ташкилотчилик ва ташаббускорлик фазилатларини намоён этди. Шунингдек, Давлат сув назорати бошлиғи ҳамда Президентнинг давлат маслаҳатчиси сифатида самарали фаолият кўрсатди.

 

Сўнгги йилларда, мўътабар ёшига қарамасдан, Сув хўжалиги вазирининг маслаҳатчиси сифатида ўз билим ва тажрибаси, қимматли маслаҳатлари билан соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшиб келди, ёш кадрларни тарбиялашга катта эътибор қаратди.

 

Исмоил Жўрабеков “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ирригатор” фахрий унвони, “Меҳнат шуҳрати”, “Дўстлик”, “Фидокорона хизматлари учун”, “Эл-юрт ҳурмати”, “Буюк хизматлари учун” орденлари билан тақдирланган.

 

Таникли давлат ва жамоат арбоби, фидойи инсон, меҳрибон устоз Исмоил Жўрабековнинг ёрқин хотираси халқимиз қалбида доимо сақланиб қолади.

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика