Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Нурмат Отабеков Тошкент вилоятидаги боғчаларда заҳарланган болаларнинг ҳозирги ҳолати ҳақида маълумот берди.
Унинг сўзларига кўра, 29 сентябр соат 12:00 ҳолатига кўра 38 нафар бола шифохоналарда даволанмоқда.
Барча тарбияланувчиларнинг аҳволи барқарор, касаллик енгил шаклда кечмоқда. Оғир ёки асоратли ҳолатлар қайд этилмаган. Болалар доимий тиббий назорат остида бўлиб, зарур ёрдам кўрсатилмоқда. Даволаш жараёнида республика даражасидаги етакчи мутахассислар ҳам иштирок этмоқда.
Қайд этилишича, ота-оналарга болалар саломатлиги тўғрисида мунтазам равишда ахборот бериб борилмоқда. Яқин кунларда қолган болалар ҳам соғлом ҳолатда уйларига жавоб берилиши кутилмоқда.
“Энг муҳим жиҳат, вазият тўлиқ барқарор. Соғайиш жараёни ижобий динамика билан кетмоқда. Давлат органлари ва тиббиёт муассасалари бу ҳолатни қатъий назоратда ушлаб турибди”, деди Отабеков.


