1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Ўзбекистон

Шавкат Мирзиёев: “Касаба уюшмалари мустақил фаолият юритиши учун барча шароитлар яратилган”

Давлат раҳбари касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллигини нишонлаш доирасида “Касаба уюшмалари боғлари” барпо этилишини таклиф этди.

Шавкат Мирзиёев: “Касаба уюшмалари мустақил фаолият юритиши учун барча шароитлар яратилган”

2025 йил 17 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев касаба уюшмалари фаоллари ва фахрийлари билан учрашув ўтказди. Тадбир мамлакатда меҳнат муносабатларини такомиллаштириш, ходимлар манфаатларини ҳимоя қилиш ва касаба уюшмалари тизимини ривожлантириш масалаларига бағишланди.

 

Давлат раҳбари ўз нутқида касаба уюшмалари ҳаракати аъзоларига чуқур ҳурматини билдирар экан, уларнинг мамлакат ижтимоий-иқтисодий тараққиётига қўшаётган ҳиссасини юқори баҳолади.

 

“Биз янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида дадил қадамлар билан олға юряпмиз. Бу жараёнда меҳнаткаш ва бағрикенг халқимизнинг, ҳар бир юртдошимизнинг ўрни беқиёс”, – деди Президент.

 

Учрашувда сўнгги йилларда иқтисодиётга 130 миллиард доллардан ортиқ инвестиция киритилгани, миллионлаб иш ўринлари яратилгани, инсон ҳуқуқлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида мустаҳкам ҳуқуқий база шакллангани таъкидланди.

 

Шунингдек, Ўзбекистоннинг халқаро меҳнат стандартларини жорий этиш борасидаги ютуқлари, хусусан, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатнинг тўлиқ барҳам топгани алоҳида қайд этилди.

 

Президент касаба уюшмаларининг эркин ва мустақил фаолият юритиши учун зарур шароитлар яратилганини билдириб, бу борадаги сиёсат изчил давом эттирилишини таъкидлади.

 

Сўнгги йилларда 500 мингга яқин ходимнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилиниб, 267 миллиард сўм миқдорида компенсация ундирилгани, 13 минг нафардан ортиқ ишчи қайта ишга тиклангани қайд этилди.

 

Шунингдек, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорини белгилаш бўйича уч томонлама комиссия фаолиятини кенгайтириш, масофавий ва платформали бандлик йўналишида фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини мустаҳкамлаш, аёллар учун тенг имкониятлар яратиш ва меҳнат хавфсизлигини таъминлашнинг ягона тизимини йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди.

 

Давлат раҳбари, шунингдек, касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллигини нишонлаш доирасида “Касаба уюшмалари боғлари”ни ҳар бир ҳудудда барпо этиш ташаббусини илгари сурди.

 

“Биргаликда бошлаган ишларимиз ҳар бир меҳнат жамоаси, ҳар бир ходим ва унинг оиласи учун манфаатли бўлаётгани менга қувонч бағишлайди. ‘Инсон қадри учун’ ғояси ислоҳотларимизнинг бош тамойили бўлиб қолади”, – деди Шавкат Мирзиёев.

 

Учрашув якунида Президент соҳа вакилларини касаба уюшмалари ҳаракатининг 120 йиллиги ва касаба уюшмалари куни билан табриклади.

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика