Ижтимоий тармоқда Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманидаги “Шодлик” хусусий боғчасида икки тарбиячи бир болани йиғлатиб, жамоат олдида кечирим сўрашга мажбурлагани акс этган видео тарқалганди. Ҳолат юзасидан вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси расмий муносабат билдирди.
Қайд этилишича, тарбиячи Н.А. машғулот вақтида болага нисбатан ноўрин сўзлар ишлатиб, педагог этикасига зид хатти-ҳаракат содир этган. Ҳозирда унга ва иккинчи тарбиячига нисбатан меҳнат шартномаси бекор қилинган.
Шунингдек, вилоят бўйлаб мактабгача таълим муассасаларида педагогларнинг ахлоқий масъулиятини ошириш бўйича қўшимча чоралар белгиланган.


