Президент Шавкат Мирзиёев 13 октябрь куни сув хўжалиги соҳасини рақамлаштириш, қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда соҳани хусусий сектор учун янада жозибадор қилишга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишди.
Бугунги кунда мамлакатда 50 минг километрдан ортиқ суғориш тармоқлари, 1,6 мингта насос станцияси ва 10 мингдан зиёд сув объектлари фаолият юритмоқда. Сўнгги йилларда сув хўжалиги тизимини ислоҳ қилиш, ирригация инфратузилмасини янгилаш ва сув ресурсларидан тежамкор фойдаланиш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, қуйи бўғиндаги хизмат кўрсатиш самарадорлиги, ҳисоб-китобларнинг шаффофлиги ва молиявий мустақилликка оид масалаларда ечим талаб этувчи муаммолар сақланиб қолмоқда.
Тақдимотда соҳада рақамлаштириш жараёнларини чуқурлаштириш ва хизмат тизимини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар муҳокама қилинди. Янги ёндашув асосида “Сув ҳисоби” ахборот платформаси орқали сув сарфини тўлиқ электрон шаклда юритиш жорий этилади. Ушбу тизим инсон омилини камайтиради, ортиқча ҳужжатлаштиришни бартараф этади ҳамда ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини оширади.
Маълумотлар аниқлигини таъминлаш мақсадида тизим “Рақамли қишлоқ хўжалиги” платформаси билан интеграция қилинади. Шу орқали суғориладиган ерлар, экиш турлари ва сув лимитлари ҳақидаги маълумотлар автоматик тарзда янгиланиб боради.
Сув хўжалиги вазирлиги ҳузурида “Сув хўжалигини рақамлаштириш ва мониторинг маркази” ташкил этилади. У сув баланси, насос станциялари ва сув сарфи бўйича маълумотларни таҳлил қилиб, қарор қабул қилиш жараёнларини автоматлаштириш имконини яратади.
Шунингдек, “Давлат сув кадастри” ахборот тизими ишлаб чиқилади. Бу тизим турли идоралардан йиғиладиган маълумотларни ягона базада жамлайди, натижада ҳисоб-китобларни қоғоз шаклида юритиш амалиёти қисқаради. Тизимни 2026 йил апрель ойига қадар тўлиқ ишга тушириш режалаштирилган.
Қуйи бўғинда хизмат кўрсатиш тизими ҳам ислоҳ қилинади. Янги тизимда мавсумий эҳтиёжлардан келиб чиқиб, штатлар мослаштирилади ва хизматлар самарадорлиги KPI кўрсаткичлари асосида баҳоланади. 2026 йилдан бошлаб ходимларни рағбатлантириш тизими амалий натижаларга боғланади.
Сув хўжалиги муассасаларига молиявий мустақиллик бериш мақсадида сув солиғидан тушган маблағларнинг 40 фоизини ўз моддий-техника базасини мустаҳкамлашга йўналтиришга рухсат этилади.
Давлат-хусусий шериклик асосида насос станцияларини бошқариш тажрибаси кенгайтирилади. 2026 йилда Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд ва Сирдарё вилоятларидаги станцияларнинг ярми, 2027 йилда эса Наманган вилоятидаги барча станциялар хусусий шерикликка ўтказилиши режалаштирилган.
Наманган вилоятининг Чортоқ туманида “бир насос — бир тизим” тамойили асосида “Чортоқ тажрибаси” жорий этилади. Унда хусусий шерик истеъмолчиларни сув лимити доирасида сув билан таъминлайди, сув солиғининг 40 фоизини ўз фаолиятини модернизация қилишга йўналтиради.
Шунингдек, “Сувчилар мактаби” лойиҳаси доирасида 2025–2026 йилларда ҳар бир туман ҳудудида ўқув дала-жойлари ташкил этилиб, жами 141 та туман қамраб олинади.
Президент мутасаддиларга соҳада рақамлаштиришни жадаллаштириш, ҳисоб ва ҳисоботи жараёнларини тўлиқ автоматлаштириш, давлат-хусусий шерикликни кенгайтириш ва тизим самарадорлигини ошириш бўйича аниқ топшириқлар берди ҳамда тегишли ҳужжатларни имзолади.


