1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Ўзбекистон

Тошкентда “прописка” чекловлари бекор қилинди

Энди пойтахтда уй-жойи бўлмаганлар ҳам рўйхатдан ўтиши мумкин.

Тошкентда “прописка” чекловлари бекор қилинди

2025 йил 12 октябрдан Ўзбекистонда фуқароларни яшаш жойи бўйича рўйхатга олишнинг янги тартиби кучга кирди. Бу Ўзбекистон Президенти томонидан 2025-йил 11-июлда имзоланган “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини, чет эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни яшаш жойи ва турган жойи бўйича ҳисобга олиш тўғрисида”ги қонун асосида амалга ошмоқда.

 

Мазкур қонун билан 2011 йилдан буён амалда бўлган “Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка бўйича рўйхатга олинадиган шахслар тоифалари тўғрисидаги қонун” ўз кучини йўқотди. Эндиликда Тошкент шаҳрида доимий рўйхатдан ўтиш учун илгари белгиланган чекловлар бекор қилинди.

 

Янги тартибга кўра, Тошкент шаҳрида доимий пропискага кириш учун илгари талаб этилган “мулкка эгалик” ёки “маълум тоифадаги шахс бўлиш” шартлари эндиликда амал қилмайди.

 

Аввал фақат 12 тоифадаги шахслар — уй-жой эгалари, уларнинг оила аъзолари, ҳукумат томонидан тайинланган раҳбарлар, ҳарбий хизматчилар, йирик инвесторлар ва бошқа тоифалар — доимий пропискага эга бўлишлари мумкин эди. Эндиликда эса исталган фуқаро пойтахтда яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтиш ҳуқуқига эга бўлади.

 

Бу ўзгариш Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 32-моддасида мустаҳкамланган фуқароларнинг яшаш жойини эркин танлаш ва мамлакат ичида ҳаракатланиш ҳуқуқини тўлиқ таъминлашга қаратилган.

 

Янги қонун фуқароларга рўйхатдан ўтишни соддалаштириш ва рақамлаштиришга қаратилган. Эндиликда:

 

  • яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтиш my.gov.uz портали ёки “E-хабар бериш” тизими орқали электрон тарзда амалга оширилади;

 

  • доимий ва вақтинчалик пропискалар Манзил ахборот тизимида автоматик тарзда шакллантирилади;

 

  • ҳужжатларни топшириш ва тасдиқлаш жараёни бир иш кунидан ошмайди.

 

Фуқароларнинг яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтиши эндиликда мулк эгасининг розилиги ёки нотариал тасдиқланган ҳужжат асосида амалга оширилади. Агар бола ота-онасининг манзилида рўйхатга олинаётган бўлса, қўшимча розилик талаб қилинмайди.

 

Яшаш жойи бўйича пропискасиз қолиш муддати эндиликда 15 иш кунидан 10 иш кунигача қисқартирилди.

 

Вақтинчалик рўйхатдан ўтиш муддати эса 1 ойдан 1 йилгача бўлиб, ижара шартномаси, ўқиш ёки иш муддати билан боғлиқ тарзда белгиланади.

 

Рўйхатдан ўтиш мажбуриятини бузган фуқаролар, уй эгалари ёки меҳмонхона маъмурияти маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин.

 

Шунингдек, эндиликда Ўзбекистонда доимий яшовчи хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳам рақамли рўйхатга олиш тизими орқали ҳисобга олинади.

 

Бу жараён “E-хабар бериш” платформаси асосида амалга оширилади ва чет элликларнинг ҳуқуқий мақомини аниқ белгилашга хизмат қилади.

 

Янги тизимнинг афзалликлари:

 

  • прописка жараёни тўлиқ онлайн тарзда амалга оширилади;

 

  • мамлакат бўйлаб ягона тартиб ўрнатилади;

 

  • фуқароларнинг ҳаракатланиш эркинлиги кафолатланади;

 

  • ҳужжатлар кўриб чиқиш муддати қисқартирилади;

 

  • ортиқча бюрократик босқичлар бекор қилинади.

 

Мазкур қонун мамлакатда прописка тизимининг тарихий ислоҳоти сифатида баҳоланмоқда. Эндиликда Тошкент шаҳрида яшаш, ишлаш ва ўқиш учун рўйхатдан ўтиш жараёни янада очиқ, шаффоф ва фуқароларга қулай бўлади.

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика