Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ туманидаги “TCT Rice” шоличилик кластерининг фаолияти билан танишди. Мазкур жамиятда шоли етиштириш, қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот сифатида ички ва ташқи бозорларга етказишнинг тўлиқ саноат занжири йўлга қўйилган.
Авваллари шолиқорчилик фаолияти пароканда бўлиб, фермерлар етарли даромад ололмас эди. Сўнгги йилларда соҳада тизимли ислоҳотлар натижасида ҳосилдорлик ва самарадорлик ошди, қайта ишлаш инфратузилмаси такомиллаштирилди.
Жорий йилда Тошкент вилоятида 8,7 минг гектар майдонга шоли экилди. Уларнинг 3 минг гектарида сувни тежовчи технологиялар жорий этилгани туфайли 60 миллион куб метр сув тежашга ва 522 тонна уруғлик сарфини камайтиришга эришилди. “TCT Rice” кластери томонидан 2 минг гектардан ортиқ ер майдонида “Искандар”, “Гулистон” ва “Нукус” навлари экиб, парвариш қилинди. Ҳозирга қадар 985 гектар майдонда орим-йиғим якунланиб, ҳар гектардан ўртача 65–70 сентнер, айрим далаларда эса 80–85 сентнергача ҳосил олинди.
Давлат раҳбари фермерлар ва қишлоқ хўжалиги соҳасининг фахрийлари билан мулоқотда бўлиб, уларнинг тажрибаси ва меҳнатсеварлигини эътироф этди.
Шавкат Мирзиёев замонавий илм-фан, инновация ва сувни тежаш технологияларини кенг жорий этиш зарурлигини таъкидлади.
“Бугун барча соҳаларда илм ва инновацияга таянмоқдамиз. Қишлоқ хўжалигида ҳам бозор тамойилларини жорий этиб, даромадни оширмасак, бу даражадаги ҳосилга эришиш мушкул бўлар эди. Энди сув танқислигига мослашиб ишлаш, сувдан тежаб фойдаланишни ўрганиш зарур”, — деди Президент.
Шунингдек, соҳада хорижий тажрибаларни ўрганиш, ҳосилдор навларни кўпайтириш, қайта ишлашни кенгайтириш ва янги иш ўринлари яратиш бўйича топшириқлар берилди.


