Сурхондарё вилояти пахтакорлари республикада биринчи бўлиб жорий йилги пахта топшириш шартномавий режасини ортиғи билан бажарди. Бу ҳақида ЎзА ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Қайд этилишича, қабул шохобчаларига 275 минг 600 тоннадан ортиқ сифатли хомашё топширилган.
Ҳосилни ўз вақтида ва сифатли йиғиб олиш учун 1 минг 277 та терим отряди ташкил этилиб, терилган хом ашёни қабул шохобчаларига етказиб бериш учун 2 минг 10 та трактор ва 2 минг 965 та тиркама жалб этилган.
Шу йилдан воҳада хорижий тажриба асосида юқори ҳосилдор навларни парваришлаш синовдан ўтказилиб, айрим ер майдонларида гектарига 80 центнергача ҳосил олинган. Шунингдек, Хитойдан келтирилган 60 та замонавий пахта териш машиналари ҳосилни қисқа вақтда ва сифатли йиғиб олишда муҳим аҳамият касб этди.
Таъкидланишича, вилоятнинг пахта режасини бажаришда фаол иштирок этган механизаторлар, сувчилар, теримчилар, барча меҳнаткашлар ва хўжалик раҳбарлари меҳнати муносиб рағбатлантирилади.


