Тошент шаҳрининг Сергели туманида МИБ орқали фуқарога 101 млн сўм иш ҳақи ундириб берилди. Бу ҳақида МИБ ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Мажбурий ижро бюроси Сергели туман бўлим иш юритувига қарздор МЧЖдан ундирувчи собиқ ходим Ч.й. фойдасига 101 млн 47 минг иш ҳақи ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати келиб тушган ва Ўзбекистон Республикаси “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисидаги” Қонуннинг 23-моддасига асосан ижро иши юритиш қўзғатилган.
Қарздор жамият собиқ ходим фойдасига ўз муддатида тўланмаган ойлик иш ҳақларини қоплаши тўғрисида огоҳлантирилган, бироқ, корхона қарздорликни бартараф этмаган. Шу сабабли, қарздор МЧЖнинг мол-мулки ва автотранспорт воситаларига тақиқ қўйилиб, қидирув қилинган. Бундан ташқари қарздорнинг банк ҳисоб рақамларига банд солинган.
Олиб борилган мажбурий ижро ҳаракатлари натижасида 101 млн сўм иш ҳақи мажбурий тартибда ундирилиб, ундирувчи фуқаро фойдасига ўтказиб берилган.


