Тошкент аэропортида "свет" ўчди
Тунда аэропорт 20 дақиқа электр таъминотисиз қолган.

6 январ куни Тошкент халқаро аэропортида электр таъминотида қисқа муддатли узилиш кузатилди. Uzbekistan Airports маълум қилишича, Қўйлиқ подстанциясидаги кичик носозлик туфайли маҳаллий вақт билан соат 02:28 да аэропорт ҳудудида электр таъминоти қисман узилган.
Мазкур ҳолат парвозлар жадвалига таъсир кўрсатмаган. Самолётларнинг учиши ва қўниши белгиланган тартибда амалга оширилган. Жўнаш ва келиш заллари захира дизель генераторлари ҳамда UPS (узлуксиз қувват манбалари) орқали электр энергияси билан таъминланган.
Соат 02:49 га келиб электр таъминоти тўлиқ тикланган. Аэропорт маъмурияти юзага келган вақтинчалик ноқулайликлар учун йўловчилардан узр сўради.







